Жаҳон | 18:57
1981
3 дақиқада ўқилади

Илон Маск энди Марс эмас, Ойда шаҳар яратиш устувор эканини айтди

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳозир SpaceX эришиш осонроқ бўлган мақсадга - Ойда «ўз-ўзини ривожлантирувчи шаҳар» қуришга эътибор қаратмоқда.

Фото: spacetechtimes.com

SpaceX раҳбари Илон Маскнинг айтишича, компания 5-7 йил ичида Марсда база яратишга киришмоқчи. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғида ёзиб, компаниянинг стратегияси ва коинотни ўзлаштириш бўйича ҳозирги устувор йўналишларига изоҳ берди.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳозир SpaceX эришиш осонроқ бўлган мақсадга - Ойда «ўз-ўзини ривожлантирувчи шаҳар» қуришга эътибор қаратмоқда.

Унинг таъкидлашича, бундай лойиҳани 10 йилдан камроқ вақт ичида амалга ошириш мумкин, Марсда доимий аҳоли пунктини яратиш эса анча кўпроқ вақт талаб қилади.

«SpaceX аллақачон Ойда ўз-ўзини ривожлантирадиган шаҳар қуришга эътиборини қаратди, чунки биз бунга 10 йилдан камроқ вақт ичида эришишимиз мумкин, Марсга эса 20 йилдан кўпроқ вақт керак бўлади. Шунга қарамай, биз барибир Марсда шаҳар қуришга ҳаракат қиламиз ва бу жараённи тахминан беш-етти йилдан кейин бошлаймиз. Аммо асосий вазифа цивилизациянинг келажагини таъминлашдир ва Ой бу йўналишда тезроқ ҳаракат қилиш имконини беради», деди Илон Маск.

Шунингдек, у Ойнинг асосий афзаллиги логистика ва ривожланиш суръатлари эканини тушунтирди. Ойга парвозлар ҳар 10 кунда амалга оширилиши мумкин ва у тахминан икки кун давом этади, Марсга миссиялар эса фақат 26 ойда бир марта амалга оширилиши мумкин ва бир томонга саёҳат тахминан олти ой давом этади. Бу, Маскнинг сўзларига кўра, Ойга парвозларнинг қисқа муддат экани технологияларни тезроқ синовдан ўтказиш ва инфратузилмани кенгайтириш имконини беради.

Аввалроқ, The Wall Street Journal нашри SpaceX аллақачон инвесторларни устуворликни Ой лойиҳалари фойдасига ўзгартириши ҳақида хабардор қилгани ҳақида ёзган эди. Компания 2027 йил март ойида Ойга учувчисиз қўниш режасини тасдиқлаган.

Шу билан бирга, ўтган йили Маск 2026 йил охиригача Марсга учувчисиз учиш миссиясини юбориш нияти ҳақида гапирган эди. Янги баёнотлар аслида бу муддатларни ўзгартиради, лекин Маск ЅрасеХ компаниясининг ўзгармас вазифаси деб атаган «онг ва ҳаётни Ердан ташқарига тарқатиш» мақсадини бекор қилмайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид