Иқтисодиёт | 19:33 / 22.03.2017
6834
3 дақиқада ўқилади

Путин Россия Марказий банки раҳбари ваколатини узайтирмоқчи

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин мамлакат Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллина билан учрашувда, унинг бу лавозимдаги ваколатларини янги муддатга чўздириш бўйича таклифни Давлат думасига киритмоқчи экани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда «Интерфакс» маълум қилган.

Путиннинг таъкидлашича, Набиуллина Марказий банкни жаҳон ва Россия иқтисодиёти учун мураккаб бўлган пайтда ўз бошқарувига олди. Президент уни раҳбарлиги остида Марказий банк “янада муҳим тартибга солиш идорасига” айланганини айтган.

Шунингдек Путиннинг таъкидлашича, Марказий банк фаолиятига Россия иқтисодиётининг ҳолати боғлиқдир. Унинг сўзларига кўра, МБ Набиуллина бошчилигида “иқтисодиётдаги вазиятни барқарорлаштириш” ва банк соҳасининг барқарор ривожи учун жуда кўп ишни амалга оширди. 

Ўз навбатида, Марказий банк раҳбарининг президентга айтишича, Россия молия сектори янги иқтисодий талабларга мослашди. “Даромад ҳам, капитал ҳам тикланди, бизнинг фикримизча, банк тизими ҳозирдаёқ кредитларни кўпайтиришга тайёр”, - дея қўшимча қилиб ўтди Набиуллина.

Россия қонунчилигига кўра, Марказий банк раиси Давлат думаси депутатларининг кўпчилик овози билан 4 йиллик муддатга тайинланади. Мамлакат конституциясида МБ раиси лавозими учун номзод президент томонидан, банкнинг амалдаги раҳбари ваколати ўз якунига етишига уч ойдан кам бўлмаган муддатда Давлат думасига кўриб чиқиш учун тақдим этилиши кераклиги белгилаб қўйилган. 

2017 йилнинг январида Британиянинг The Banker журнали Эльвира Набиуллинани Европадаги энг яхши Марказий банк раиси деб атади. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Набиуллина Россияда инфляция даражасини 2016 йилнинг охирида 6 фоизлик рекорд даражага қадар камайтиришга эришган.

Маълумот учун, Эльвира Набиуллина Россия Марказий банкини 2013 йилнинг июнидан бошқариб келмоқда. У 2008 йилнинг майидан 2012 йилнинг май ойига қадар Россия иқтисодий ривожланиш вазири бўлган. Набиуллина Марказий банк раҳбари этиб тайинлангунга қадар Россия президенти ёрдамчиси бўлган.

Мавзуга оид