Жаҳон | 22:04 / 27.03.2017
20681
6 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Буюк Британия пулларисиз қандай яшайди?

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши блок бюджети жаҳоннинг энг кучли иқтисодиётларидан биридан келадиган аъзолик бадалидан маҳрум бўлишига олиб келади. Ҳозирча, Буюк Британия яна қанча вақт ўз улушини тўлаб туриши ва ЕИ Brexit тўлақонли амалга ошгач, бу бўшлиқни нима билан тўлдириши ҳақидаги савол очиқ.

Бирлашган Қироллик ҳокимияти тарк этиш вақтида 60 млрд. еврони тўламаслигини таъкидлаб бўлган. Европа иттифоқи евротизимларда ишлаган британиялик ходимларнинг пенсияси ва молиялаштирилиши маъқулланиб бўлинган маҳаллий лойиҳалар учун ҳисоб тақдим этиб, шу суммани кўрсатиб ўтган.

Бир вақтнинг ўзида айрим аъзо-давлатлар Брюсселга эътироз билдириб, Буюк Британия иттифоқни тарк этгач, ўз аъзолик бадалларини оширмасликлари тўғрисида огоҳлантиришган.

Биз Буюк Брританиянинг ЕИ бюджетидаги улуши қанча эканлиги ва у блокни тарк этгач бошқа давлатлар нима қилиши мумкинлигини ўргандик.

 

Буюк Британия — Европа бюджетининг асосий ҳомийларидан бири

2014 йилда унинг бюджетга қўшган улуши Германия, Франция ва Италияникидан сўнг тўртинчи бўлган ва умумий ҳисобда 11,34 млрд. еврони ташкил этган (жами бюджет 116.53 млрд. евро).

2015 йилда бу рақам 18,20 млрд. еврога етган (жами бюджет 118.60 млрд. евро).

Европа қонунчилари учун тайёрланган ва CNBC ихтиёрига келиб тушган маълумотномада шундай дейилади:

 «2015 йилда Буюк Британия ЕИ бюджетига катталиги бўйича Германия ва Франциядан сўнг учинчи нетто-тўловчи бўлган. Ўша йилнинг ўзида у абсолют рақамларда ЕИ харажатларини гарданига олган олтинчи давлат бўлган, лекин унинг харажатлардаги улуши ялпи миллий маҳсулотга нисбатан фоизларга нисбатан олинганда энг паст бўлган ва 0,3 фоизни ташкил этган холос».

 

Европа бюджетининг пуллари қаёққа кетаяпти?

Буюк Британия Европа субсидияларининг катта қисмини қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларини ривожлантиришга сарфлайди.

Яна бу маблағлар террорчиликка қарши курашишга, янги иш ўринларини ташкил қилишга ва ЕИга аъзо бўлмаган давлатлардаги лойиҳаларга сарфланади. Бундан ташқари, бу пуллар барча евромуассасалар, евротизимдаги ходимларнинг пенсияси ва уларнинг болалари мактабларига кетадиган харажатларни қоплайди.

 

Европа институтларида қанча британиялик ишлайди?

Ўша ҳужжатдан иқтибос келтирамиз: «Британия фуқароларининг ўртача улуши 45.845 кишидан олинганда 4 фоизни ташкил этади. Шундай қилиб, ЕИнинг Британия фуқаролари бўлган доимий ва вақтинчалик ходимлари 1800 киши атрофида, бу ҳолда вақтинчалик шартномалар, фрилансерлар, ташқи хизмат кўрсатувчилар, Европарламент депутатларининг ёрдамчилари ва хизмат сафарига чақирилган маҳаллий мутахассислар ҳисобга олинмаган».

Баҳсталаб "ЕИдан чиқиш ҳақидаги қонун лойиҳаси"да Буюкбританияда жойлашган ЕИ институтларини кўчириш харажатлари ҳақида ҳам гап боради.

Буюк Британияда жойлашган Европа комиссиясининг 52 ходими ва Лондон ва Эдинбург бўйлаб тарқатилган Европарламентнинг 17 ходимидан ташқари, яна иккита идорани кўчириш керак бўлади: Европа дори воситалари агентлиги ва Европа банк назорати тизими.

 

Буюк Британия қачондан бошлаб Европа бюджетига бадал тўламайди?

Бу Brexit доирасида ўтказилаётган музокаралардаги энг оғриқли масала. ЕИ бюджети етти йиллик режа асосида шакллантирилади ва унинг асосида ҳар йиллик харажатлар ишлаб чиқилади. Уларнинг сўнггиси 2014 йилдан 2020 йилгача бўлган маддатни қамраб олган.

Буюк Британия Европа Иттифоқини 2019 йилнинг мартида тўлиқ тарк этмоқчи, шу ойдан бошлаб 2020 йилнинг сўнгига қадар блок бюджети сўроқ остида турибди.

 

«Ортиқча тўламоқчи эмасмиз»

Евроиттифоқ молиявий бўҳрондан сўнг баъзи бир ўнгланиш аломатларини кўрсата бошлади, лекин аъзо-давлатлар бадалларининг оширилиши чинакам муаммога айланиши мумкин.

Феврал ойида ЕИнинг германиялик комиссари Гюнтер Эттингер Буюк Британия кетгач Германия ва бошқа нетто-донорлар бадал пулларини ошириши лозимлиги ҳақида гапирган эди.

Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль шу ҳафта Германия кўпроқ тўлашга мажбур эканлиги ҳақида гап очди.

Лекин Германия молия вазирининг статс-котиби Йенс Спан илгарироқ Brexit туфайли ЕИ бюджети қисқарса нетто-донорларнинг улуши ҳажмини автоматик равишда оширадиган ҳеч қандай механизм йўқлиги ҳақида гапирган эди.

Дания молия вазири Кристиан Йенсен ҳам худди шу фикрни билдириб ўтган. Ўтган сешанбада у Дания бадал пулларини оширмаслигини, ЕИ бюджети эса қисқартирилиши лозимлигини билдириб ўтган.

Исми сирлигича қолишини истаган Европа мулозимларидан бири CNBCга шундай деган:

«Ҳозирча биз билган аниқ нарса шуки, Brexit Европа бюджетига келадиган тушумларнинг қисқаришига сабаб бўлади. Кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди: бошқа аъзо-давлатларнинг аъзолик бадаллари ошириладими, янги маблағ манбалари топиладими ёки харажатлар қисқартириладими — ҳар уч вариант қўлланилган комбинация ҳам юзага келиши мумкин».

Шу мулозимнинг фикрича, аъзо-давлатлар блокнинг келажаги борасида аниқ бир тўхтамга келишмаган. Унинг фикрича, бу ҳақда гапиришга ҳали жуда эрта.

Мавзуга оид