Жаҳон | 21:35 / 29.03.2017
5585
2 дақиқада ўқилади

Дубай полицияси уч денгизчининг ҳаётини сақлаб қолди

Дубай полицияси сешанба куни кечқурун уч денгизчининг ҳаётини сақлаб қолиб, қаҳрамонлик кўрсатди. Gulf News шу ҳақидаги маълумоти ва видеоси билан бўлишди

Видеода  Дубай қутқарув ва транспорт полициясининг бош бошқармаси фалокатга учраган кемани топиб, ундаги денгизчиларнинг қутқарилиши намойиш этилган. 

Кема назорати қўлдан чиқарилганидан кейин бортдаги уч кишининг барчасида нафас олиш билан боғлиқ муаммолар аниқланган. 

Денгизчилар кеманинг қувват тизими тўсатдан ишдан чиқиши туфайли портгача етиб кела олишмаган. 

Дубай полицияси денгизчиларни қутқариш учун вертолёт йўллаган ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Кейинроқ денгизчилар "Рашид" шифохонасига етказилган. 

"Бу мураккаб миссия бўлди, чунки кема Дубай қирғоғидан 12 миль узоқликда бўлган. Воқеа жойига вертолётда етиб борган қутқарувчилар кемада қўниш майдонининг йўқлигини кўрган. Бироқ учувчи яқин орада тупроқ ташиб кетаётган кемага кўзи тушади, бу денгизчиларни қутқариш учун вертолётни қўндиришга қулай жой эди", - деди полковник Ал-Мазруий.

Кема бортидаги денгизчилардан бири 60 ёшли суриялик эканлиги қайд этилган, у юрак касаллиги туфайли қийин аҳволда қолган. Яна икки киши - 41 ёшли суриялик ва 33 ёшли мисрликнинг нафас олиш йўлларида ҳам муаммолар  пайдо бўлган. 

Маълум бўлишича, кема генератори ишдан чиққан бўлган. "Учувчи ва қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари туфайли денгизчиларнинг ҳаёти сақлаб қолинган", - дейди полковник.

2016 йилда Дубай полицияси 26 237 ер амалиёти ва 290 денгиз қутқарув амалиётини ўтказган.

Мавзуга оид