Жаҳон | 21:03 / 29.03.2017
17527
2 дақиқада ўқилади

Эроннинг собиқ президенти АҚШнинг таназзулга учрашини айтди

Фото:EPA

Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод АҚШ жаҳоннинг етакчи давлати сифатида таназзулга учрашини айтди. У бу ҳақда EFE ахборот агентлигига берган интервьюсида айтди.

Аҳмадинажоднинг айтишича, Вашингтонда "янги урушни бошлашдан бошқа чора йўқ, бу эса унинг ўз қудратини йўқотишига олиб келади". Собиқ президентнинг фикрича, АҚШ "жадал суръатлар билан йўқ бўлишга қараб боради, бу эса дунёнинг турли нуқталарида таранглик ва ихтилофлар келтириб чиқаради". 

Аҳмадинажоднинг таъкидлашича, АҚШ президенти Дональд Трампнинг мудофаа бюджетини оширишга ундови "уруш эълон қилишни" англатади. "Мен АҚШ Осиёнинг шарқида ҳам, ғарбида ҳам янги уруш бошламоқчи эканлигидан хабардорман. Трамп халқига ички масалаларга устувор аҳамият берилишига ваъда берганига қарамасдан, у бу масалаларни дунёда муаммолар яратиб, ҳал қилмоқчи", деб қўшимча қилди Аҳмадинажод. 

Унинг айтишича, охирги йиллар америкалик сиёсатчилар "бутун дунё бўйлаб ўзларининг ҳукмронликларини кенгайтиришга ва ўз ортларидан гегемонликни сақлаб қолишга уриниб келганлар". "АҚШнинг ҳукмронлиги бутун дунёга ёйилган. Шунинг учун унинг таназзулга учрашидан кўп нарсаларни кутиш керак", деб таъкидлаб ўтган Аҳмадинажод.

Мавзуга оид