16:55 / 04.04.2017
10154

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари 20 дан ортиқ давлатларга экспорт қилинмоқда

Шу йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ўзбекистон фармацевтларининг Pharmclub.uz ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил қилинди. 

Маълумки, ўтган йилнинг 31 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди. 

Бу борада белгиланган кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда ишлаб чиқарувчилар ва мутахассисларга амалий кўмак бериш муҳим вазифадир. Шу мақсадда фармацевтларнинг Pharmclub.uz лойиҳаси ташкил қилинди. 

Тадбирда дори-дармон саноатини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, чет давлатларда ўтказиладиган нуфузли фармацевтика кўргазмаларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини таъминлаш, уларнинг маҳсулотларини намойиш этишга кўмаклашиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда улгуржи ва чакана савдо йўналишида фаолият юритувчи мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар, энг муҳими, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш хусусида фикр алмашилди. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг саволларига мутасадди вазирлик ва идоралар ходимлари батафсил жавоб берди, мавжуд ҳолатлар юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.

 

Тадбирда таъкидланишича, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунларида атиги иккита корхона томонидан 20 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 147 та фармацевтика корхоналар томонидан 2251 номдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

Бундан ташқари, бугун ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бераётганлиги учун дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларига экспорт бўлаяпти.

Top