Ўзбекистон | 19:35
299
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси дори рекламаларидаги чалғитувчи иборалардан огоҳлантирди

Дори воситасини энг самарали, энг хавфсиз ёки ноёб восита сифатида тақдим этиш, унинг таъсири кафолатлангани ҳақида тасдиқ бериш ҳамда бошқа дори воситалари билан нотўғри таққослаш мумкин эмас.

Рақобат қўмитаси дори воситалари рекламаларида истеъмолчиларни чалғитиши мумкин бўлган иборалардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқатилаётган айрим дори воситалари рекламаларида «ноёб», «энг самарали», «энг хавфсиз», «кафолатланган натижа», «энг ишончли восита», «тез даволайди», «ножўя таъсирлари мавжуд эмас» ва «самараси исботланган» каби иборалардан фойдаланиляпти.

«Бундай маълумотлар истеъмолчиларда дори воситасининг хусусиятлари ҳақида нотўғри тасаввур шакллантириши, шифокор маслаҳатисиз ўзбошимчалик билан даволанишга ундаши ва соғлиқ учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Инсон саломатлиги билан боғлиқ реклама истеъмолчиларда шифокорга мурожаат қилиш шарт эмас, деган фикрни шакллантирмаслиги лозим», дейилади қўмита хабарида.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасига мувофиқ, дори воситалари рекламасида шифокор маслаҳатисиз мустақил даволаниш мумкинлиги ҳақида таассурот уйғотиш, олимлар, тиббиёт ходимлари ёки машҳур шахсларнинг тавсияларидан фойдаланиш, алоҳида шахсларнинг миннатдорлик изҳорлари ва муваффақиятли даволаниш ҳолатларини келтириш тақиқланади.

Шунингдек, дори воситасини энг самарали, энг хавфсиз ёки ноёб восита сифатида тақдим этиш, унинг таъсири кафолатлангани ҳақида тасдиқ бериш ҳамда бошқа дори воситалари билан нотўғри таққослашларга йўл қўйиш мумкин эмас.

Қўмита эслатишича, рецептсиз бериладиган дори воситалари рекламаси қўллаш бўйича қарши кўрсатмалар мавжудлиги ва мутахассис маслаҳатини олиш зарурлиги ҳақидаги огоҳлантириш билан бирга тарқатилиши шарт.

 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид