Жаҳон | 19:08 / 09.04.2017
19092
3 дақиқада ўқилади

Трамп Сурия туфайли Россияга нисбатан янги санкциялар қўллаш ҳақида ўйламоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп Сурияни қўллаб-қувватлаётган Россия ва Эронга қарши янги санкциялар қўллаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли маълум қилган.

«Биз (АҚШ президенти маъмурияти — таҳр.) бу масалани муҳокама қилишни бошладик», — деган Ҳейли хоним CNN телеканали учун берган интервьюси вақтида.

Ундан «президент Россия ва Эронга янги санкциялар қўллашни истайдими?», дея сўрашганди. 

Ҳейли хоним шунингдек АҚШда Башар Асад ҳукумати Идлибда кимёвий қурол қўллагани ҳақида далил бор ёки йўқлиги хусусидаги саволга жавоб қайтарган. 

«Бизга далилларни кўрсатишди. Президент далилларни кўрди. Бу махфий маълумотлар. Мен ишонаманки, агар зарурат туғилса, бу махфий маълумотлар ошкор этилади», дея жавоб қайтарган дипломат. 

Унинг сўзларига кўра, МРБ директори Майк Помпео халқаро ҳамкорлар орқали олинган маълумотларга эга.

Москва ва Вашингтон муносабатларида навбатдаги таранглик 4 апрель куни Суриянинг Идлиб вилоятида кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги хабарлар ортидан юзага келди. Сурия мухолифати ушбу ҳужум Сурия ҳукумати томонидан амалга оширилиб, 80 кишининг ўлими ва юзлаб кишиларнинг заҳарланишига олиб келгани ҳақида айтди.

АҚШ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари ҳам бу ҳужум учун айбни Башар Асад ҳукуматига юклади.

7 апрель куни АҚШ Қуролли кучлари Суриянинг Шайрат аэродромига «Томагавк» русумли қанотли ракеталарини йўллади. 

Москва томони ушбу ҳужумни «тажовуз акти» дея баҳолади ва АҚШ билан Сурияда кўзда тутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш ҳақидаги меморандум амалда бўлишини тўхтатди.

Бундан олдинроқ инглиз нашрларида АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Москвага ташрифи вақтида Россиядан Сурияни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб этиши ҳақида ёзилганди.

«Трамп Суриядаги аэродромга зарба билан чекланмайди»

Мавзуга оид