Жаҳон | 18:39
844
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон илк марта Европа Иттифоқининг санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш механизмига тушди

Европа Иттифоқи Қирғизистон иккимақсадли товарларни Россияга реэкспорт қилишнинг тизимли каналига айланганини ва Бишкек билан техник музокаралар чегараларда назоратни кучайтиришга олиб келмаганини таъкидламоқда.

Фото: AP

Европа Иттифоқи элчилари 22 апрель куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда Россияга қарши янги санкциялар пакетини маъқуллади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Дастлаб Еврокомиссия 20-пакетни февраль ойида қабул қилишни режалаштирган эди, бироқ уни келишиш Венгрия ва Словакия қаршилиги туфайли кечикди.

Янги санкциялар пакети Россия энергия даромадларини янада қисқартириш ва унинг ҳарбий-саноат мажмуасини чеклашга қаратилган. Хусусан, чора-тадбирлар дронлар ишлаб чиқариш, «соя флоти»га таъсир қилади, Россия суюлтирилган табиий гази билан боғлиқ хизматларни босқичма-босқич тақиқлайди.

Янги пакетда учинчи давлатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Европа Иттифоқи биринчи марта Қирғизистонга нисбатан санкцияларни четлаб ўтишга қарши махсус механизмни қўлламоқда.

Қарорга кўра, бир қатор иккимақсадли товарларни Европадан республикага етказиб беришга тақиқ жорий этилди. Чекловлар қуйидагиларга таъсир қилади:

- юқори аниқликдаги металл кесиш станоклари, шу жумладан рақамли дастурий бошқарувга (РДБ) эга ускуналар;

- алоқа ускуналари - модемлар, роутерлар, радиостанциялар ва бошқа маълумот узатиш қурилмалари.

Европа Иттифоқи Қирғизистон ушбу товарларни Россияга реэкспорт қилишнинг тизимли каналига айланганини ва Бишкек билан техник музокаралар чегараларда назоратни кучайтиришга олиб келмаганини таъкидламоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг бир қатор логистика компаниялари Европа Иттифоқининг транспорт инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилинди.

Шу пайтгача Европа Иттифоқи фақат учинчи давлатлардаги (масалан, Хитой, Ўзбекистон ёки Қирғизистоннинг ўзида) аниқ компанияларга нисбатан санкциялар қўллаган. Энди эса чекловлар давлат билан бутун бир савдо йўналиши даражасида жорий этилмоқда.

Аввалроқ, Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда гумонлар туфайли Европа Иттифоқи Қирғизистоннинг бир неча банкига нисбатан санкциялар қўллаган эди. Масалан, Марказий Осиё Капитал Банки, Толубай, Евроосиё жамғарма банки, Капитал Банк, Керемет Банк ва бошқалар.

Қирғизистон банкларга қарши санкциялар асоссиз эканини бир неча бор таъкидлаган. Президент Садир Жапаров 2025 йилда БМТ минбаридан Ғарбни республикага нисбатан чекловлари учун танқид қилган эди. У асоссиз санкцияларни мамлакат ички ишларига аралашиш ва эндигина шаклланаётган иқтисодиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи босим деб атади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид