Жамият | 16:28 / 10.04.2017
8961
5 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғон туманида ўз ишига масъулиятсиз раҳбарлар кескин танқид қилинди

Халқ депутатлари Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан шу йилнинг 1-9 апрель кунлари мазкур туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Наманган вилоятидан сайланган қуйи парламент депутатлари ва сенаторлар Тўрақўрғондаги ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ўн кун давомида туман аҳолиси билан бевосита уйма-уй юриб, очиқ мулоқотлар ўтказишди. Бундан ташқари, парламент вакиллари фуқароларимизнинг тўкин ва фаровон турмуш кечиришига қаратилган бир қатор долзарб ижтимоий масалаларни (таълим, маданият, спорт, тиббиёт, бандлик, коммунал, экология каби соҳалар), тадбиркорлик, аҳолига савдо ва бошқа хизматларни кўрсатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолияти яқиндан ўрганилди.

Мулоқотларда аҳоли томонидан 485 та турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиб, уларнинг 215 таси депутатлар ва сенаторлар ташаббуси билан ўз жойида ҳал қилинди. 200 таси эса туман ҳокимлиги орқали туманнинг тегишли мутасадди ташкилотларига ижро учун юборилиб, улар томонидан ҳал этилди, вилоят даражасидаги айрим муаммоларнинг эса вилоят ташкилотлари ҳамкорлигида ечилишига эришилди. Шу билан бирга республика даражасидаги 50 тага яқин муаммо алоҳида ажратиб олиниб, уларни парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этиш, тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил этишга қаратилган аниқ мақсадли ва манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 

Таъкидланганидек, ўрганишлар якуни туманда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар талайлигини кўрсатиб берди. Жумладан, туманда 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 857 та бўлиб, шундан 97 таси турли сабабларга кўра ишламаяпти. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ерларидан оқилона фойдаланиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Бугунги кунда туманда атиги 6 нафар оилавий тадбиркор ва 36 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда холос.

Туман ҳудудидаги 4 та деҳқон бозори, 1 та универсал бозор ва деҳқон бозори таркибида 2 та деҳқон бозори ва 2 та ҳайвон бозорлари фаолияти бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Автотураргоҳлар мавжуд эмас. Пул тушумлари мехназмлари тўлиқ йўлга қўйилмаган, бозор ташқариси ва ичида савдогарлар мустақил тарзда расталар ўрнатиб, йўлларга чиқиб кетган.
    
Аҳоли хонадонларига кредит ажратиш бўйича тарғибот олиб борилаётганлигига қарамасдан айрим банк мутахассислари томонидан фуқароларга кредит ажратиш жараёни етарли тушунтирилмаганлиги, уларни кредит олишга қизиқтира олмаслик ҳолатлари учрамоқда. Масалан, “Агробанк” туман филиалига бириктирилган 7979 та хонадондан 313 тасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги билдирилган холос. Қолаверса, фуқаролар томонидан имтиёзли кредит олиш учун мурожаат этиб талаб қилинадиган хужжатлар тўплами банк филиалига тақдим этилган бўлсада, турли сабаблар билан уларнинг мурожаатлари ҳафталаб, айрим ҳолларда ойлаб кўрилмаслиги тўғрисида шикоятлар келиб тушди.

Туманда фуқароларни ишга жойлаштириш борасида ҳам жиддий муаммолар кўзга ташланди. Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишчи комиссияси фаолияти талаб даражасида эмас. Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимларининг ишсизликни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрмаганлиги оқибатида бандлик дастури ижроси тўлақонли бажарилмаган.

Ўрганиш давомида соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Аксарият қишлоқ врачлик пунктларида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Умуман олганда, ҳозирги вақтда тиббиёт муассасаларида 134 врач-мутахассис, шу жумладан 50 нафар умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж мавжуд.  

Шунингдек, таҳлил давомида мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд ҳолат, қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатиш даражасига оид оғриқли ҳолатлар, дорихоналардаги нарх-наво, аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш бўйича ҳақли эътирозлар, автомобиль йўлларининг сифати, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишнинг аянчли даражаси сингари муаммолар ошкора ўртага ташланди.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф-тавсиялар берилиб, туман ҳокимининг ўринбосарларидан, вилоят “Сувоқова” корхонаси, “Миллий банк” ва “Агробанк” туман филиаллари, туман ободонлаштириш бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази, давлат солиқ инспекцияси раҳбарларидан юксак масъулият билан ёндадиш талаб қилинди.

Мавзуга оид