Фан-техника | 23:19 / 11.04.2017
8227
2 дақиқада ўқилади

Lexus янги спорт седанини тақдим қилди

Фото: Lexus

Lexus компанияси LS седанининг спорт версиясини ошкор қилди. Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, янги модел LS 500F Sport деб номланган ва 12 апрелда Нью-Йоркдаги автосалонда намойиш қилинади.

Седан янги глобал платформа GA-L’нинг узайтирилган версиясида қурилган. Компанияда таъкидланишича, бу шасси яхшироқ бошқарувчанликни, юриш равонлигини ва салонда осойишталикни таъминлайди. Автомобиль ўзгача ён юбкалар, 20 дюймли ғилдирак дисклари ва янги радиатор панжараси олган. 

Салонда спорт ўриндиқлари, педалларга алюмин қўйилмалар, LC500 купесидаги каби асбоблар панели ўрнатилган. Машина, шунингдек, модернизацияланган тормоз тизими, қайта созланган рул бошқаруви ва такомиллашган пневмоподвеска билан жиҳозланади.

Янги машина капоти остида бензинда ишловчи 3,5 литрли V8 двигатели ўрнатилади. Моторнинг кучи 415 от кучини ташкил қилади ва у 10 поғонали автоматик узатмалар қутиси билан биргаликда ишлайди. Машина 100 км/соат тезликка 4,5 сонияда эриша олади.

Бундан ташқари, мижозларга спорт седанининг гибрид куч қурилмасига эга варианти ҳам таклиф қилинади. Куч қурилмаси таркибига 3,5 литрли V6 мотори ва у билан биргаликда ишловчи иккита электродвигатель киради. LS’нинг бу модификациясининг умумий қуввати 354 от кучини ташкил қилади. Бу машина 100 км/соат тезликка 5,2 сонияда эришади.

  

Мавзуга оид