Фан-техника | 13:52 / 12.04.2017
12059
2 дақиқада ўқилади

Калити йўқолган Mercedes 20 йилдан сўнг сотувга қўйилди

Буюк Британиянинг Coys ким ошди савдо уйи атиги 80 миль (128км) юрган Mercedes-Benz SL 500 родстерини савдога қўйди. У R129 кузовида ишлаб чиқилган. Қизиғи шундаки, 1996 йилда ишлаб чиқилган машина эгасининг калитни йўқотиб қўйгани сабабли 21 йил турган, деб ёзади CarThrottle. 

Ким ошди савдо уйи раҳбари Крис Рутлеж «Мерседес»нинг бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб берган. Унинг айтишича, родстер қандайдир бадавлат қизга ҳадя қилинган, у эса машина калитини йўқотиб қўйгач, автомобилни шунчаки уйида қолдирган. Машина эса 20 йилдан ортиқ вақт эътиборсиз қолган. 

Рутлежнинг қайд этишича, агар машина ўтган давр мобайнида фойдаланилганда ҳозирда 5-7 минг фунт стерлинг (6-9 минг доллар) туриши мумкин эди. Бироқ автомобиль яхши ҳолатда бўлгани сабабли унинг эҳтимолий қиймати 45-55 минг фунт (55-68 минг доллар) атрофида.

Маълум бўлишича, машинанинг асл калитлари топилмаган ва янги калитлар тўплами билан сотувга чиқарилган. 

Мавзуга оид