Ота-боболаримизнинг билимга, китобга бўлган меҳр-муҳаббати она диёримизда дунё тамаддунига, илму маърифат ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк инсонларнинг етишиб чиқишига сабаб бўлган. Муқаддас динимизда хоҳ эркак бўлсин, ҳох аёл – ҳар бир инсоннинг илм ўрганиши фарз бўлган. Қуръони Карим илк суръаси “ўқи” сўзи билан бошланиши, “илм” сўзи унда 811 марта жаранглаши бежиз эмас. Халқимиз азалдан билимга саодатнинг калити, комиллика елтувчи кўприк, инсонни ёвузликдан, хурофатдан асровчи тумор сифатида қарашган. Билимли инсонлар эл орасида катта обрў-эътиборга эга бўлишган. Соҳибқирон Амир Темур дунёвий ва диний билимларни чуқур эгаллаган ҳукмдор бўлиш билан бирга илм аҳлини бағоят қадрлаган, уларга яқиндан ғамхўрлик қилган, саҳоватини аямаган.    

Халқ орасида Амир Темур ҳақида бир ривоят юради. Унинг қўшинлари Арман заминидан ўтиб кетаётганда бир монастирга дуч келишибди. Темур қўшинлари дарвозаларни очишни талаб қилибди. Монастрдагилар бунга рози бўлишмасдан ўрнига катта миқдорда олтин ваъда қилишибди. Ўша пайтларда уруш қоидаларига биноан ҳаёти сақлаб қолинган мағлуб томон ғолиб томонга омонлик солиғини тўлашган... Монастрдагиларнинг таклифи Амирга маъқул келмапти. Анча ўйланиб туриб келган элчиларга “майли кимки омонлик истаса, ўз оғирлигига тенг китоб келтирсин!” деб шарт қўйибди. Монастр аҳли бу талабни узоқ муҳокама қилиб, ўлимга рози эканликларини изҳор қилибдилар. Бундай қарордан таъсирланган Темур “халқнинг маънавий меросини ўз жонидан афзал кўрган эл яшашга ҳақли” деган фармон берган экан... Бу ривоятда арман халқининг китобга бўлган эътиқоди билан бирга тиллодан китобни афзал кўрган, ўлимга маҳкум этилган душманни фақат китобсеварлиги учун ардоқлаб, омонлик берган Буюк Амир Темирнинг илм аҳлини нақадар қадрлаганлиги мадҳ этилаётган.

Буюк бобоколонимиз қайси мамлакатни махф этмасин билимли инсонларни ўз ҳимоясига олиб, ардоқлаган, дурдона китобларни асраб-авайлаб, Самарқандга олиб келган ва жаҳонда тенги йўқ темурийлар кутубхонасини барпо этган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан янада бойитилган бу кутубхонага шахсан Ҳоқоннинг ўзи мудирлик қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини ўқиб, бу нозик ва ўта мухим масалага шахсан давлат раҳбарининг эътиборини яна бир бора ҳис қилгандай бўлдим. Ҳужжатда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Энди мутахассислар юртимизда аҳоли ўртасида, жумладан ёшлар орасида китобхонлик маданияти савиясиниг пасайиб кетиш сабабларини чуқур тахлил этиш асосида уни оширишга қаратилган аниқ ва пухта чора-тадбирлар белгилашлари талаб этилади.