Ўзбекистон | 13:25 / 15.04.2017
7394
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Франция ташқи ишлар вазири билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 15 апрель куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Франция ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазири Жан-Марк Эро билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

29 март куни Парижда бўлиб ўтган икки томонлама музокараларнинг давоми сифатида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Франция муносабатларининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди ҳамда минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

«Қайд этилганидек, 2017—2018 йиллар учун имзоланган вазирликлараро Ҳамкорлик дастури Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг қамровли алоқаларни тизимли асосда ривожлантириш ва мустаҳкамлашга имкон яратади», — дейилади ТИВ ахборотида.

Суҳбат давомида вазирлар томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, июнь ойининг бошига мўлжалланган “MEDEF Interneshnl” француз корхоналари ҳаракати етакчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли якун топишидан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Учрашувда Франция элчиси Виолен Биет де Вилмор ҳам иштирок этган.

Мавзуга оид