Ўзбекистон | 17:36 / 19.04.2017
17391
3 дақиқада ўқилади

Пойабзалига валюта яшириб, қўшни давлатга ўтмоқчи бўлганлар фош этилди

Ўзбекистонда амалдаги тартибларни четлаб ўтиб, нақд хорижий валюталарни яширин равишда олиб чиқишга уринаётган “уддабурон”лар учраб турибди. Яқинда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ана шундай шахсларнинг қинғир қилмишларини фош қилишди. Бу ҳақда Кун.uz’га Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.   

Вилоятдаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган қўшни давлат фуқароси Х.Гулбоев ўзига тегишли халқаро тўлов картасидан ўқиш ҳаражатлари учун 2200 АҚШ долларини ваколатли банклардан бири орқали нақдлаштиради. Шундан сўнг нафси устунлик қилиб, нақдлаштирилган валютани белгиланган мақсадларга сарфлаш ўрнига, ноқонуний равишда мамлакатимиздан олиб чиқиш чораларини излайди. 

Шу тариқа ушбу шахс оёқ кийимларининг ички қисмига 2200 АҚШ долларини хуфёна тарзда жойлаштириб, қўшни давлатга ўтмоқчи бўлган пайтда божхоначилар томонидан фош этилди.

Қўшни давлат фуқароси С.Джумамурадова ҳам худди шу усулни қўллашга уринди. У ҳам ўзига тегишли халқаро тўлов картасидан 500 АҚШ долларини ваколатли банкдан нақдлаштириб, этигига яширганча олиб чиқаётган пайтда тўхтатиб қолинди. 

Якунда мазкур қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан жиноят ишлар бўйича Нишон тумани судининг тегишли қарорларига асосан Х.Гулбоев ҳамда С.Джумамурадовага нисбатан жазо чоралари қўлланилиб, ашёвий далил сифатида олинган 2700 АҚШ доллари давлат эгалигига ўтказилди.

Шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистон Республикаси резидент жисмоний шахслари ҳамда норезидент жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона назоратига риоя қилган ҳолда чекланмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб киришга рухсат этилган.

Шунингдек, республика ташқарисига нақд эркин алмаштириладиган валютани олиб чиқиб кетишга йўловчи божхона декларациясида қайд этиш шарти билан Ўзбекистон Республикаси резидентларига 2000 АҚШ долларига тенг миқдордаги сумма доирасида, норезидентларига эса йўловчи божхона декларациясига мувофиқ олиб кирилган валюта доирасида рухсат этилади.

Кўрсатилган суммадан ортиқ нақд валютани олиб чиқиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валютада операцияларни амалга ошириш учун бош лицензияга эга бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади. 

Мавзуга оид