Жамият | 22:10 / 20.04.2017
14250
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри коммунал хизматларидаги фирибгарлар ушланди

2017 йил 19 апрель куни Учтепа туманида яшовчи фуқаро А.Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилди. Аризада “Сувсоз” давлат унитар корхонаси Учтепа тумани бўлими ходимлари унинг хонадонига ичимлик суви ўтказиб беришни расмийлаштиришни важ қилиб, 500 минг сўм пул талаб қилаётгани ҳақида маълум қилинган ва уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. 

19 апрель куни соат 13:00 атрофида Учтепа тумани ички ишлар бўлими томонидан ўтказилган махсус тадбир давомида “Сувсоз” давлат унитар корхонаси Учтепа тумани бўлими ходимлари Шавкат Нуруллаев ва Нурилла Норметовлар талаб қилинган 500 минг сўм миқдоридаги пулларни олган вақтларида далилий ашёлар билан қўлга олинди. 

Яна бир шунга ўхшаш ҳолат. Шу куни (19 апрель) Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро Б. Тошкент ИИББга ариза билан мурожаат қилиб, унда Яшнобод тумани ҳудудида хонадонни сотиш учун маълумотнома олишда туман электр тармоқлари ходими 1 млн 300 минг сўм талаб қилаётганини билдирган. У ички ишлар идораларидан таъмагирга нисбатан чора кўришни сўраган. 

19 апрель куни 13:30лар атрофида Яшнобод тумани ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт чоғида туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари Жаҳонгир Шоаҳмедов ва Аҳмаджон Йўлдошевлар 550 минг сўм ва 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтларида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам текширув ишлари давом этмоқда. 

2017 йил 14 апрель куни Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро В. Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилиб, унда тикув цехи ишлатиш учун зарур бўлган юқори кучланишли электр тармоғига улаб бериш ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун 12 млн 400 минг сўм пул сўраётганини билдирган. Мурожаат қилувчи таъмагирларга нисбатан тегишли чоралар кўришни сўраган. 

Мазкур ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказилиб, 2017 йил 14 апрель 15:30ларда Шайхонтоҳур туман ИИБ ходимлари томонидан Шайхонтоҳур туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари Исмаилов Акром ва Рашидов Азизлар талаб қилинган 12 млн 400 минг сўмни қўлга олган вақтларида далилий ашёлар билан қўлга олинганлар. Айбланувчилар бу пулларни ўз раҳбарларига беришларини важ қилиб кўрсатган ҳолда ушбу жиноятни содир этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура ходимлари Жиноят кодексининг 168 моддаси 3-қисми “а” банди, яъни фирибгарлик жинояти аломатлари билан иш қўзғатди. 

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ шаҳарликларга мурожаат қилиб, шу каби ҳолатларга дуч келиб, номлари тилга олинган ходимлардан жабрланган ёки уларнинг фирибига учган бўлса, 102 қисқа рақами ёхуд яқин орадаги ички ишлар идораларига келишларини сўрайди. 

Бундан ташқари, шаҳар ИИББ фуқароларни газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув таъминоти кабиларга ҳақ тўлашда ҳам содда ҳамда ишонувчан бўлмасликни, тўловларни ушбу корхоналар ходимларига эмас, банк кассалари ёки турли электрон тўлов воситалари орқали тўлашни сўраб қолади.

Мавзуга оид