13:04 / 24.04.2017
6706

2017 йил биринчи чорагида 254 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2017 йил 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар якуни ва жорий йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида 45 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан 7 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди. 728 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ортган.

Ўрганишларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар натижасида 254 нафар шахс маъмурий, 1 105 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Фуқаролар ва тадбиркорлардан келиб тушган 44 мингдан ортиқ мурожаатлар мазмунан кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Судларга киритилган 14 млрд. сўмлик даъволар қаноатлантирилди. Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 18 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Давлат нотариал идоралар томонидан қарийб 122 млрд. сўм, ФҲДЁ органлари томонидан 9,5 млрд. сўм давлат божи ва герб йиғимлари ундирилди. Суд ижро органлари томонидан 6 трлн. сўмга яқин қийматдаги ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланди.

Ҳисобот даврида адлия органларига 44 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки баробар кўпайди. Уларнинг 16 мингдан ортиғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келган.

Шунингдек, адлия органлари ходимларининг жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари ишида ҳам фаол иштирок этиши натижасида, 700 дан ортиқ фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши натижасида 7 807 нафар фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини тиклашга эришилди.

Мажлисда Президентнинг 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ўз вақтида ва натижали бажарилиши, шунингдек ваколатли органларга киритиладиган ҳужжатлар ва таклифлар лойиҳаларини, ҳисоб-китобларнинг асосланганлигини, кафолатланган молиялаштириш манбалари ва эришиладиган прогноз натижаларининг аниқлигини назарда тутган ҳолда, пухта ишлаб чиқиш таъминланиши учун вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсан жавобгар этиб белгиланганлигидан келиб чиқиб адлия органлари ва муассасаларида ижро интизомини янада кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва масъул ходимларининг қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларида белгиланган вазифа ва тадбирлар ижросини ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ таъминлаш бўйича масъулиятини  янада ошириш кераклиги қатъий белгилаб қўйилди.

Ҳайъат мажлисида ўтган чорак давомида бажарилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Ютуқлар билан бирга айрим адлия органлари ва муассасалари томонидан фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқид қилинди. Ижро интизомини мустахкамлаш, фаолиятни тизимли равишда режалаштиришни амалга ошириш, назорат ва мониторинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, муаммоларни келтириб чиқараётган сабаб ҳамда шароитларни аниқлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Top