Жамият | 20:23 / 26.04.2017
24944
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги энг яхши ихтирочилар таништирилди

26 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Radission Blu” меҳмонхонасида “YANGI  INTELLEKT-2017” танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Танловни ўтказиш учун Интеллектуал мулк агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Фанлар Академияси, Савдо-саноат палатаси, Олий аттестация комиссияси, Фан ва технологиялар Агентлиги (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси) мутахассисларидан иборат Танлов ташкилий қўмитаси тузилди.

Танловда “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модел”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси” номинациялари бўйича совринли Танловда 1-3 ўринларни эгаллаган ғолиблар диплом, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Қуйида ушбу танлов ғолиблари ва улар томонидан яратилган ихтиролар келтирилган. 

2017 йилнинг “Энг яхши ихтиро” номинацияси бўйича

1-ўрин.  Азимов Раҳмат Каримович, Шипулин Юрий Геннадьевич ва бошқалар.

Иш жойи: Тошкент Давлат Техник университети

Ихтиро ўлчаш техникаси соҳасига тааллуқли бўлиб, суюқлик ёки газларларнинг тезлиги, сарфи, ҳарорати, йўналиши ва оқимнинг мавжудлиги каби параметрларини юқори сезгирлик ва ишончлилик билан ўлчаш имконини беради.

Ушбу ихтиро асосида яратилган автоматик кўпфункционал титрометр “Сувсоз” давлат унитар корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган. Янги қурилмани жорий қилиш ичимлик сувининг кимёвий таркибини ўлчаш аниқлигини ошириш, оқава сувлар таҳлили вақтини қисқартириш, электр энергияни тежаш ҳисобига йилига 470 млн. сўмни ташкил қилади.

Ҳозирги кунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқава сувлар таркибини таҳлил қилиш масалалари долзарб бўлиб турган пайтда янги ихтирони қўллаш ушбу соҳада олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш имконини беради.

2-ўрин -  Аминов Собиржон Ниғматович, Шарипов Авез Тулеметович ва бошқалар  

Иш жойи: Тошкент фармацевтика институти 

Ушбу ихтиро фармацевтика соҳасига тегишли бўлиб, гепарин, кардиомагнил, аспирин-кардио каби импорт препаратларининг ўрнини босувчи антикоагулянт, антиагрегант, антиромботик дори воситалари яратишга йўналтирилган. Маҳсулот маҳаллий хомашёлар асосида ишлаб чиқарилади.

Ихтиро патентида олинган дори препаратини клиник олди ва уч босқичли клиник синовлардан муваффақиятли ўтган. Препаратнинг технологик регламентлари тасдиқланиб, ишлаб чиқариш учун ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатидан ўтган ва Давлат реестрига киритилган.

Бу туркумдаги препаратлардан “Аллтромбосепин”нинг технологияси “Remedy Group” Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонасида ўзлаштирилган, ҳозирда серияли ишлаб чиқариш амалга оширилмоқда. Иқтисодий самарадорлик бир тонна субстанцияга нисбатан олинганда 320 млн. сўмни ташкил этади. 

Давлат раҳбари томонидан дори воситаларини яратиш ва ишлаб чиқаришни Ўзбекистон ҳудудида амалга оширишга алоҳида эътибор берилаётганини инобатга олган ҳолда, ушбу ихтиро мавзуси долзарб масалага қаратилганини таъкидлаб ўтиш лозим бўлади.

3-ўрин.  Ряснянский Игорь Викторович, Мирзаев Бахтиёр Шарофович ва бошқалар

Иш жойи: Ўзбекистон ветеренария илмий-тадқиқот институти

Ушбу ихтиро ветеринарияда қўй ва эчкиларда колибактериоз, сальмонеллез ва пастереллёзни профилактика килишда (олдини олишда) фойдаланилади.

Қўзиларни бир марта радиобиологик вакцина билан иммунизация қилиш барқарор иммунитетни ҳосил қилади ва бир йил давомида  эмланган ҳайвонларни 100 фоиз касалланишдан сақлайди. 

Янги вакцина қўллаш орқали майда шохли қорамоллар хавфли касалликлардан ҳимоя қилинади ва уларнинг сони кўпайиши ва янада сон ортишига сабаб бўлади.
 
“Энг яхши фойдали модель” номинацияси бўйича 

1-ўрин. Авезова Нилуфар Раббанақуловна, Бугаков Александр Геннадьевич ва бошқалар  

Иш жойи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси С.А. Азимов номидаги «Физика-қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси С.В. Стародубцев номидаги Физика-техника институти

Ушбу фойдали модель гелиотехника, иссиқ сув таъминоти ва иситиш соҳасида фойдаланиш учун мўлжалланган. Қуёш иссиқлиги таъминоти тизими иссиқликни аккумуляция қилиш ва сарфлаш жараёнлари самарадорлигини оширишни таъминлайди. 

Фойдали модель “Тошэлектромаш” корхонасида синовдан ўтказилганда, бир йил давомида табиий газни тежаш миқдори 3240 кубометрни ташкил этди. Демак уни газ таъминоти қийин бўлган ҳудудларда ҳам ишлатиш мумкин.

2-ўрин.  Раҳимов Фарход Хушбақович, Рўзиметова Гулноза Абдухалиловна 

Иш жойи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти

Деярли ҳамма у ёки бу масалада шифокорга мурожаат қилади. Кўпчилик физиотерапия муолажаларини олганмиз. Таклиф этилган фойдали модель айнан ана шу физиотерапия муолажаларида фойдаланишга мўлжалланган. Гидрофил электрод ости қопламаси янгича тўқима мато бўлиб, уни тайёрлашдаги меҳнат сарфини камайтириш имконини беради, яхшиланган эксплуатация хусусиятларига эга, аллергия реакциялар такрорланиши ва ножўя таъсирлар намоён бўлишини камайтиради.

3-ўрин. Максудов Эркин Тўхтаевич, Аминов Хамза Хусанович, Сулаймонов Рустам Шенникович.

“Энг яхши саноат намунаси” номинацияси

1-ўрин – Ҳакимова Дилором Алишеровна
 
Иш жойи: Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти

Ушбу саноат намунаси "Ўзавтойўл" ишчилари учун махсус кийим бўлиб, йўллардаги қурилиш-пудрат ишларига мўлжалланган, зарғалдоқ ва кўк ёрқин ранглар уйғунлигида бажарилган, костюмнинг юқори ва пастки қисмларида ёруғликни қайтарувчи чизиқлари мавжуд. Бугунги кунда “Ўзавтойўл махсус кийим-кечак” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилмоқда ва “Ўзавтойўл” акциядорлик компанияси тизимида жорий этилган.

Махсус кийим гигиеник ва ҳаво ўтказиш хусусиятига эга, енгил, чиройли, қулай, ҳамда автомобиль йўлларида ходим хавфсизлигини ҳам таъминлайди.

2-ўрин. – Турсунов Муҳаммад Нишонович, Собиров Ҳабибулла ва бошқалар

Иш жойи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси С.А.Азимов номидаги «Физика-қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси С.В. Стародубцев номидаги Физика-техника институти 

Мажбурий совутиладиган фотоэлектрик қурилма қуёш энергиясини электр энергияга айлантириш учун мўлжалланган. У корпус ва таянч устундан иборат бўлиб, корпус горизонтал йўналишга чўзилган тўртбурчак рама шаклида ясалган. Маълумки, иссиқ иқлим шароитида қуёш элементлари қизиб кетиб, ўз самарадорлигини йўқотиши мумкин. Таклиф қилинган конструкцияда ушбу муаммо совутувчи вентиляторлар ҳисобига ҳал этилган. Саноат намунаси 50 нусхада тайёрланган ва ички бозорда сотилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида самарали ишламоқда. Қурилмаларнинг реализация қилинган умумий қиймати 300 млн.сўмдан ортиқни ташкил этади.

3-ўрин. Мелкумов Александр Николаевич, Иванов Евгений Валерьевич, Исмоилов Рустам Сергеевич.  

Иш жойи: “Sovplastital” акциядорлик жамияти 

Ушбу саноат намунаси ўзига хос дизайнерлик ечимига эга бўлиб, шаффоф полимер асосда бажарилган. Қути турли совғалар учун ишлатилади. Ҳозирги кунда “Вива Мария” қандолат фирмаси билан ҳамкорликда конфетларни қадоқлаш мақсадида фойдаланилмоқда. Декоратив безаклари ўзбек  усталарининг анъаналари бўйича бажарилган бўлиб, бутун юзаси бўйлаб бир текисда такрорий нақшлар жойлаштирилган. Бундай ажойиб қутининг саноат намунаси сифатида ҳуқуқий муҳофазага олиниши унинг қийматини янада оширади.

“Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси” номинацияси 

1-ўрин – Муратова Нигора Жўраевна, Бабаджанова Гулжаҳон Саттаровна, Зуфарова Шаҳноза Олимжоновна 

Ушбу дастур текширувдан ўтаётган бемор ҳақида маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва бемор картасини расмийлаштириш функционал имкониятларига эга. Дастур олинган кўрсаткичлар ёрдамида керакли муолажани қўллаш мақсадида миоматоз тугунлар турини ва фарқли томонини аниқлаш имконини беради. Дастур Фарғона ва Андижон вилоятлари перинатал марказларида синовдан ўтган. Синовнинг кўрсатишича, ишлаб чиқилган алгоритм ва Дастур ёрдамида беморга эрта ташхис қўйиш имкони юзага келади, ташхис қўйиш аниқлиги ортади. Пировард натижада эса аёлларимизнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш имконини беради.

2-ўрин – Йўлдошов Ҳакимбой Ярашбаевич.

Маълумки, мамлакатимизда ёшларга инглиз тилини ўргатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда мактабларда 1-синфдан бошлаб инглиз тили фани ўқитилади. Ушбу ишлаб чиқилган дастур айнан болаларга инглиз тилини ўргатишда қўл келади. Дастур интерактив ўйин сифатида яратилган бўлиб, у инглиз тилида энг оммабоп бўлган 2500 дан ортиқ сўзларни ёд олдиришга мўлжалланган. Дастур ичида кичик ўйин тарзидаги бўлимлар мавжуд бўлиб, фойдаланувчилар инглиз тилини ўрганиш билан бирга кўнгилочар ўйин сифатида дастурдан фойдаланишлари мумкин. Дастур рус ва ўзбек тилларида яратилган, қулай интерфейсга эга; дастурда сўзларни ёд олдириш учун мультимедиали ресурслардан фойдаланилган.

3-ўрин – Абдуллаева Ҳурриятхон Зафарбековна 

Ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоялаш давлат миқёсидаги муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалик экинларининг зараркунанда ва касалликлари тўғрисида объектив маълумотга эга бўлмасдан туриб, ҳимоя қилиш воситаларини амалий жиҳатдан қўллаш мумкин эмас. 

Ушбу дастур ўз ичига қишлоқ хўжалик экинларининг асосий зараркунанда ва касалликлари ҳақидаги тўлиқ маълумотни ўзида акс этган бўлиб, АNDROID тизими остида ишловчи мобиль қурилмаларда ишлашга мўлжалланган. Дастур Андижон вилоятининг қатор туманларида Ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари томонидан ишлатиб келинмоқда. Эришилган иқтисодий самара 2015 йилда 83 млн, 2016 йилда эса 93 млн сўмни ташкил этди.

Мавзуга оид