Ўзбекистон | 21:01 / 22.03.2019
4905
4 дақиқада ўқилади

Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Medical Korea 2019 форумида қатнашди

Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Равшан Изамов Ўзбекистон делегацияси таркибида Medical Korea 2019 форумида қатнашди. Kun.uz мухбири Миллий палата матбуот хизматидан олинган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Мана 10 йилдирки, Корея Республикасида Medical Korea форуми мунтазам равишда ўтказиб келинади ва у кўп давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари иштирокида юқори даражада ўтувчи тиббий форум ҳисобланади. Ўзбекистон делегацияси таркибидан, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиев ҳам ўрин олиб, Корея Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Парк Нонг Ху таклифига биноан Medical Korea 2019 форумида иштирок этди.

Сафар якунларига кўра, Равшан Изамов бугунги кунда минтақавий тиббий интеграция берувчи янги имкониятларни қайд этди.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати

Medical Korea Жанубий Кореянинг тиббиётдаги ютуқларини намойиш этиш билан бирга, жаҳон тиббиёт соҳаси раҳбарлари учрашадиган жой ҳамдир. Бу уларга тўғридан-тўғри ўзаро мулоқот қилиш, фикр алмашиш, келишувларга эришиш имконини беради. Ушбу форумда Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон республикаларининг тиббиёт соҳасидаги юқори даражали вакиллари иштирок этишди. Мен бевосита Мўғулистон, Вьетнам соғлиқни сақлаш вазирлари билан суҳбатлашдим, биз ўзаро ҳамкорликка доир масалалар, яқин истиқболда амалга ошиши мумкин бўлган тиббиёт соҳасидаги интеграцияларни муҳокама қилдик. Хусусан, Ўзбекистонда Мўғул халқ тиббиёти марказини очиш имкониятлари ҳақида сўз борди. Турли мамлакатлар тиббий интеграциясини ривожлантирувчи, инсонлар саломатлигига ижобий таъсир қилувчи янги имкониятларни излашга оид бошқа қизиқ таклифлар бўлди”, - дейди у.

Тиббиёт интеграцияси муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорликда ўзаро манфаатли ечимларни излаш, диагностика ва даволаш жараёнларига сифат жиҳатидан янги босқичга чиқиш имконини берувчи янги шаклларни топиш, демакдир.

“Форум доирасида кўп қаватли бинода жойлашган, кўплаб йўналишларга, кенг инфратузилма ва ўз стационарига эга Халқ табобати клиникасида бўлдик. У ерда бизга умуртқа чуррасини жарроҳлик операциясисиз даволаш усули намойиш қилинди. Бизда ҳам шундай усул жорий қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу, шунингдек, энг яхши ва асосийси, инсон саломатлиги учун фойдали тажрибаларни ўзлаштириш имконини берувчи тиббий интеграцияга яққол мисол бўла олади. Medical Korea форуми формати қатор шундай тажрибалар билан яқиндан танишиш имконини берди. Ўйлашимча, Ўзбекистонда ҳам шундай форматни қўллаш мумкин”, - деди Изамов.

Форум доирасида бўлиб ўтган кўргазмада машҳур роботлаштирилган «da Vinci» жарроҳлик тизимининг корейс муқобили намойиш қилинди. Ўзбекистон делегацияси вакиллари мазкур ноёб ускунани юртимизда намойиш қилиш имконига доир дастлабки музокараларни ўтказишди. Medical Korea доирасидаги барча муҳокамалар каби бу ҳам амалий давомга эга бўлиши кутилмоқда.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати

Тадбир доирасида Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси учун Корея Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Вон Док Чол ҳамда Корея фармацевтлар ва биосаноат уюшмаси вице-президенти Кевин Куюнгхв Хух билан G2G форматидаги расмий учрашувлар ташкил этилди.

Medical Korea форматининг ўзига хослиги шундан иборатки, у жуда кенг кўламли тадбир бўлиб, у мамлакат тиббиёти ва тиббиёт туризми ривожи йўлида катта имкониятларни тақдим этади.

“Бундай қизиқарли платформа Ўзбекистонда ҳам жорий қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ишончим комилки, бундай форум натижасида Ўзбекистоннинг тиббиёт туризми салоҳияти қатор мамлакатлар, жумладан минтақавий қўшниларимиз ва Афғонистон, ҳатто Россия томонидан катта қизиқиш уйғотади”, - дейди Миллий палата раиси.

Форум якунига кўра, кореяликлар истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун яқин орада Ўзбекистонга ташриф буюрадиган бўлишди. 

Мавзуга оид