Жаҳон | 23:12 / 27.04.2017
36858
5 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқда Макроннинг рафиқаси муҳокама қилинмоқда

Хитойликлар учун Франция президентлигига асосий номзод Эммануэль Макроннинг рафиқаси унинг сайловолди кампаниясидан ҳам кўра кўпроқ қизиқиш уйғотган. Бу ҳақда The South China Morning Post хабар ёзган.

Манбанинг маълумотига кўра, Брижит Макрон ҳақида WeChat ижтимоий тармоғида тинимсиз муҳокамалар ўтказилган. Улардан бири шундай ёзган: «Макрон: унинг севги йўли унинг президентликка йўлидан ҳам қизиқарлироқ».

Хитойликлар бу эр ва хотиннинг ёшлари орасидаги фарқ катталигидан ҳайрон бўлишмоқда. Сиёсатчининг ёши 39да, Брижит хоним эса 64 ёшда. Интернет фойдаланувчилари Макроннинг 30 ёшида набирали бўлганига ҳам эътибор қаратишган (Брижит Макроннинг аввалги турмушидан бўлган фарзанди фарзандли бўлган).

Нашрнинг қайд этишича, хитойликлар Макроннинг бундай никоҳ қуришини Хитойдаги «Халқ номи билан» номли сериалдаги воқеаларга қиёслашган. Ушбу сериал аксилкоррупция руҳида бўлиб, унинг сюжетига кўра бош қаҳрамон Ци Тунвэй ўзидан 10 ёш катта бўлган аёлга, нуфузли амалдорнинг қизига уйланади.

Кўплаб фойдаланувчилар Макронни ёқлашган. Улар 51 ёшли қўшиқчи Аарон Квок 29 ёшли аёлга уйланганини эслатиб ўтишган.

«Агар оила бахтли бўлса, ёшнинг нима фарқи бор», — дея ёзган WeChat фойдаланувчиларидан бири.

Францияда президентлик сайловининг иккинчи тури 7 май куни бўлиб ўтади. Иккинчи турга Макрон билан бирга ўта ўнг кучлар вакили Марин Ле Пен ҳам ўтган.

Прогрессив қарашлари туфайли Эммануэл Макронни “французлар Обамаси” дея атай бошлашган. Брижит Макрон мактаб ўқитувчиси бўлиб, у турмуш ўртоғидан 24 ёш катта.

Брижит Мари-Клод Макрон Амьен шаҳрида 1953 йилнинг 13 апрелида туғилган. Брижит оилада энг кичик фарзанд бўлган, унинг оиласи кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқиши билан шуғулланган.

21 ёшида, 1974 йили Брижит банкир Андре Луи Озьерга турмушга чиққан ва ундан 3 фарзанд кўрган. Брижит Озьер Амьендаги диний мактабда француз ва лотин тилларидан сабоқ берган. У айнан шу ерда Эммануэл Макрон билан танишган.

15 ёшли Макронга Брижит адабиёт ва театр дарсида сабоқ беради. 17 ёшида Макронни таҳсилни давом эттириши учун Парижга юборишади. У кетишдан олдин ўқитувчисининг олдига келади ва албатта қайтишини ҳамда унга уйланишини айтади. 2006 йили Брижит Андре Луи Озьер билан ажрашади ҳамда 2007 йилда Макрон билан турмуш қуради.

Бу вақтда Брижит 54 ёшда эди ва бу жуфтликнинг ўз фарзанди бўлмаслиги аён эди. Макрон рафиқасининг биринчи никоҳидан бўлган 3 ўғилга оталик қилишда давом этади ва айни вақтда меҳр билан набиралар тарбияламоқда.

Эри сиёсий карьера қилаётганида Брижит ҳокимиятга интилмаган. У ҳамиша мактаб ўқитувчиси бўлиб қолди. У айни вақтда Париждаги мактаблардан бирида ишлайди.

Шу билан биргаликда Брижит рафиқининг энг яқин маслаҳатчиси бўлиб, унинг янги ҳаракат очишига илҳом берган. Унинг ҳамроҳлигида Эммануэль оддий давлат хизматчисилигидан иқтисодиёт вазири даражасига кўтарилди ва Франсуа Олланднинг яқин одамига айланди.

Кўплаб французлар Брижит Макроннинг ҳаёт тарзини танқид қилишади. Француз жамоатчилиги у ҳаддан ташқари кўп қуёшда қорайганига эътибор қаратиб, унинг баланд пошнали оёқ кийимда юришига танқид кўзи билан қарайди. Уларга Франция президентлигига асосий номзод ва рафиқаси Christian Dior ва Louis Vuitton брендлари уюштирган шоуларга келгани ҳам ёқмаган.

Эммануэль Макрон ва унинг рафиқаси ўртасидаги муносабатлар сайловолди кампанияси даврида унга қўл келди. Март ойи бошида Франция президентлигига номзодлардан бири Франсуа Фийон оиласи билан боғлиқ можаро туфайли прокуратурага чақирилди. Le Canard нашри ушбу сиёсатчи давлат амалида ишлаган вақтида ўз рафиқаси учун "сохта иш ўрни" орқали 15 йил давомида давлат хазинасидан 680 минг евро ундиргани ҳақида ёзди. Шундан сўнг унинг обрўси кескин тушиб кетди.

Макроннинг президентлик учун курашдаги асосий рақиби Марин Ле Пен эса икки марта ажрашган, унинг ҳозирги турмуш ўртоғи Луи Алео унинг раҳбарлигидаги "Миллий фронт" партиясида вице-президент лавозимида ҳамда Европа парламенти аъзоси ҳисобланади.

Эммануэль Макрон эса сайловда ғалаба қозонса ва Франция президентига айланса, рафиқаси мамлакатнинг биринчи хоними сифатида маош олмаслигини ваъда қилган. Бу фикрни Брижит Макрон ҳам қўллаб-қувватлаган.

 

 

Мавзуга оид