19:34 / 28.04.2017
5437

Депутатлар аҳолига ихтисослаштирилган тиббиёт хизмати кўрсатиш масалаларини кўриб чиқишди

Фото: parliament.gov.uz

28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Йиғилишда таъкидландики, республика ихтисослаштирилган марказларининг вилоят ва туман тиббиёт муассасалари билан ўзаро ҳамкорлиги, касалликлар профилактикаси, ташҳис қўйиш ва даволаш масалаларида малакали кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг юқорилиги парламент ва жамоатчилик назоратининг доимий эътиборидаги вазифага айланмоқда.

Кун тартибидаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарларининг ахборотини эшитишдан аввал депутатлар ушбу тиббиёт муассасаларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар, уларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси ва ҳолатини ўрганиб чиқдилар.

Мажлисда алоҳида қайд этилдики, ушбу марказлар томонидан “2017-2018 йиллар мобайнида барча вилоят ва туман даволаш-профилактика муассасаларига чиқиб амалий ёрдам бериш ва аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш режаси” ишлаб чиқилган ва унга кўра мутахассислар аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатмоқда.

Хусусан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳар йили 14 мингдан зиёд бемор бола стационар шароитда даволанмоқда, 4 минг нафардан ортиқ беморга амбулатория шароитларида малакали маслаҳат берилган. Ушбу марказда ҳам жойлардаги фаолиятга эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда амалга оширилган 92 та чиқишлар давомида 4,6 минг беморда профилактик кўриклар ташкил этилди. Эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 дан ортиқ болада бепул кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди.

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳар йили 4 минг нафар беморга стационар ёрдам кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жойлардаги 19 та чиқиш доирасида 2 минг нафарга яқин бемор амбулатор шароитда даволанган. «Дерматологлар амалий мактаби» йўналишида республика бўйлаб 386 нафар мутахассислар иштирокида амалий-семинарлар ташкил этилиб, 320 нафар беморга ўша жойнинг ўзида тиббий маслаҳатлар берилган.

– Ихтисослаштирилган марказ раҳбарлари томонидан тақдим этилган ахборот аҳолини қизиқтирадиган кўплаб масалаларни қамраб олди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаева. –  Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги фаолияти чоғида депутатлар тиббиёт муассасалари ишини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шу муносабат билан, муҳокамалар жараёнида депутатлар ушбу марказлар фаолияти билан боғлиқ аҳолини ўйлантираётган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шуни таъкидлаш керакки, айни вақтда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида турли хил наслий, туғма ва орттирилган оғир касалликларга чалинган бемор болаларни даволаш учун махсус реактивлар, дори воситалари ва тиббий буюмлар ишламайди, шунингдек бир ёшгача болалари бўлган оналарни овқатлантириш масаласи ҳал этилмаган.

Қизғин муҳокамалар давомида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди. Хусусан, давлат томонидан қўллаб-қувватлашга муҳтож шахсларнинг имтиёзли ордерлар билан таъминланганлиги ва улар учун койка-ўринларни молиялаштириш етарли даражада эмас. Марказларда видеоалоқа воситасида масофавий маслаҳат олиш амалиёти жорий этилмаган. Шунингдек, ихтисослаштирилган марказлар мутахассисларни хориждаги етакчи клиникаларда янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва хориждаги марказлардан жалб этилган мутахассислар учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт марказида беморлар сони ва стационар даволанишга эҳтиёж кўплигига қарамасдан 2 қаватли бино таъмир талаблиги туфайли фаолият кўрсатмаяпти. Зарур реактивлар ва дори препаратларини Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказиш бўйича узил-кесил чора-тадбирлар кўрилмаганлиги боис айрим тоифадаги беморларни даволаш мураккаблашмоқда.

— Бугунги эшитув бизга ўз фаолиятимиз, шу жумладан ютуқларимиз тўғрисидаги ахборотнинг тақдимотини парламентда ўтказиш имконини берди, – дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Камола Салихова. – Шу билан бирга, депутатлар томонидан ишимиз самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор таклифлар билдирилди. Бу каби парламент назоратининг амалга оширилиши бизнинг масъулиятимизни янада кучайтиради.

Амалий мулоқот ва савол-жавоб тарзида ўтган мажлисда иккала марказ раҳбарлари ўз фаолиятлари юзасидан тақдимот ўтказдилар.

Мажлис якунида депутатлар ушбу марказлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Муҳокама этилган масалалар юзасидан Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди ва унинг ижроси назоратини мунтазам олиб бориш ҳамда таҳлилини юритиш каби вазифалар белгилаб олинди.

Top