Ўзбекистон | 21:28 / 20.07.2023
52950
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари депутатлари ойлик маоши таққосланди 

Ўзбекистон депутатлари маоши энг кам бўлиб чиқди. 

Фото: Kun.uz

Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистон депутатлари энг кўп, Ўзбекистон депутатлари энг кам маош олади. Бу ҳақда Asia-Plus тадқиқотидан маълум бўлмоқда. 

Қайд қилинишича, Қозоғистон депутатларининг маоши 2050 АҚШ долларига тенг (23,8 млн сўм). Ундан кейинги ўринларда Тожикистон депутатлари – 688 доллар (8 млн сўм) ва Қирғизистон депутатлари – 500 доллар (5,8 млн сўм). Ўзбекистон депутатлари 380 доллар (4,4 млн сўм) маош билан сўнгги ўринда қайд этилган. Туркманистон бўйича маълумотлар келтирилмаган. 

Депутатлар маоши энг кам иш ҳақи билан ҳам таққосланган. Қирғизистон депутатларининг маоши мамлакатда қабул қилинган энг кам иш ҳақидан 30 баробар юқори экани қайд этилган. Қозоғистонлик депутатларники 25 баробар, тожикистонлик депутатларники 12,5 баробар юқори. 

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 980 минг сўм экани инобатга олинса, депутатларнинг маоши ундан қарийб 4,5 баробар юқори экани ойдинлашади. 

Манба келтирган қўшимча маълумотларга кўра, Беларус депутатлари 950 доллар (11 млн сўм), Буюк Британия депутатлари 5950 доллар (69 млн сўм), Россия депутатлари 6850 доллар (79 млн сўм), Европарламент депутатлари 7500 доллар (87 млн сўм) маош олади. 

Мавзуга оид