Технология | 11:43 / 28.04.2017
17628
2 дақиқада ўқилади

Фото: Илон Маскнинг Лос-Анжелес остидан туннель қуриш учун бурғилаш машинаси

Фото: TJournal

SpaceX ходими "Инстаграм"даги ўз саҳифасида компания раҳбари ва Tesla асосчиси Илон Маскнинг бурғилаш машинаси тасвирланган биринчи суратни тақдим этди. Машинадан Лос-Анжелес остидан туннель қуриш мақсадида фойдаланилмоқда.

Сурат муаллифи унга “бурғилашнинг яна бир куни”, дея изоҳ қолдирди. Фотосуратга бошқа ҳеч қандай маълумотлар илова қилинмаган.

Қурилмада The Boring Company ёрлиғи бор, у Маскнинг эндиликда транспорт туннеллари ишлаб чиқиш ва қуриш билан шуғулланувчи фирмасидир.

SpaceX томонидан тақдим этилган фотосуратга ОАВ эътибор қаратди. Пайдо бўлган катта қизиқишдан сўнг, у суратни ўчириб ташлади ва Инстаграм’даги саҳифасини ёпиб қўйди. У нега шундай қилгани – номаълум.

Февраль ойида Маск Bloomberg’га бурғилаш машинаси тайёр экани ва ундан фойдаланилаётгани ҳақида хабар берганди. Унинг оғирлиги 1,2 минг тонна, диаметри – 7,9 метр, узунлиги эса – 121,9 метр келади. SpaceX асосчиси машинага исм ҳам қўйиб олган – уни Нанни, деб аташади.

Тақдим этилган суратда Нанни эканлиги – аниқ эмас. SpaceX вакили The Verge’нинг бу борада қилган мурожаатига жавоб қайтармаган. Нашрдан таъкидлашларича, суратдаги ускуна ҳажмига кўра қурилманинг бир қисми бўлиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид