16:38 / 04.05.2017
6358

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга оид республика анжумани бўлиб ўтди

Фото: kun.uz

Бугун, 4 май куни Тошкент шаҳридаги "City Palace" меҳмонхонасининг анжуманлар залида "Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масалалари" мавзуида республика анжумани бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган босма ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари иштирок этишди. 

Соҳа мутахассисларининг "Коррупцияга қарши курашиш" Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш, Коррупцияга қарши курашиш комиссиясининг фаолият йўналишлари ва асосий вазифалари, ОАВда коррупцияга қарши курашиш масалаларини ёритиш каби мавзулар бўйича маърузалар ва муҳокама қилинди.

Шунингдек жамиятимизда маҳкам ўрнашиб олган, бугунги кунда курашга бел боғланган коррупция ҳолатлари ҳақидаги видеофильмлар намойиш қилинди. 

Бундан ташқари, "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"ни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури"ни ёритиш лойиҳаси иштирокчилари мукофотланди. 

Top