Жамият | 19:52 / 05.05.2017
7747
1 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда инсульт вақтида ёрдам берувчи пластир яратилди

Фото:BHF

Британиялик олимлар инсульт вақтида ҳаётни сақлаб қолиши мумкин бўлган пластир яратишди. Бу янги ишланма ҳақида The Guardian порталида маълум қилинди.

Пластир таркибида қон босимини туширувчи ва томирларни кенгайтирувчи тринитрат глицерин бўлиб, у инсультдан кейинги дақиқалар ва соатларда етказилган зарарни камайтиришга ёрдам беради. 41 нафар беморда ўтказилган тажриба пластирнинг уйдан шифохонагача йўлда қўлланиши ўлим ҳолатларини икки мартадан кўпроққа – 38 фоиздан 16 фоизгача камайтиришга имкон берганини кўрсатган.

Буюк Британияда ҳар йили 100 мингтадан кўпроқ инсульт ҳолати қайд қилинади. Инсультда артериал босимни барқарорлаштиришга имкон берувчи чоралар қанчалик эрта кўрилса, касалнинг яшаб кетишига имконият шунчалик катта бўлади. Олимлар пластирнинг кейинги тажрибаларини ўтказиш бўйича 7 та тез ёрдам хизмати билан келишиб олдилар. Бу хизматлар пластирни ярим йил давомида синовдан ўтказадилар.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид