Ўзбекистон | 22:57 / 07.05.2017
63873
3 дақиқада ўқилади

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ходимларидан 500 нафарга яқини ишини йўқотди

Фото: ung.uz

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг Поп терминалида ишлаб келган 500 нафарга яқин киши доимий ишидан оммавий равишда бўшатилган ва уларга касаначилик ишлари таклиф этилган. 

«Кун» нашрига қилинган мурожаатларда билдирилишича, берилган таклифлар уларни қониқтирмаган.

«Ҳозирги вақтда янги иш ўринлари яратиш бўйича турли қарорлар чиқаётган бир вақтда ФНҚИЗнинг бу иши ишсизлик кўпайишига сабаб бўлди. Терминалимиздаги ёшларнинг ярми, юзлаб олий маълумотли ходимлар ишдан бўшаши ҳақида маълумотлар тарқалган. Илтимос, шу муаммо ҳал қилинишида ёрдам берсангиз», дейилади мурожаатда.

Сайт мухбири Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Поп терминали касаба уюшмаси раиси Исроил Парпиев билан боғланган ва бу шикоятни етказган.

«Ҳа, бизда чиндан ҳам қисқартириш жараёни кетмоқда. Ангрен-Поп темир йўли ишга тушгунга қадар нефть маҳсулотларини етказиб беришда ходимларнинг ишчи кучига таянганмиз. Темир йўл ишга тушгач, бу масала ҳал этилди. Натижада, ишчи кучини қисқартиришга тўғри келди. Ходимларимиз май-июль ойларига қадар ишлаб туриши мумкин. Биз уларни бу ҳақида огоҳлантирганмиз. Улар янги иш ўринлари топгунларига қадар маош олишларини заводимиз кафолатлаб бермоқда.

Буни албатта, қонуний равишда амалга оширяпмиз. Янада аниқроқ қилиб айтсам, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодексида ёлланма ишчиларни иш билан таъминлаш ва лавозимидан озод этиш фақат иш берувчи томонидан амалга оширилиш ҳолатлари кўрсатиб ўтилган. Кодекснинг 100-моддасида шундай қайдлар бор. Яъни икки ойлик огоҳлантириш ичида ходимга ҳақ тўланадаган алоҳида бир кун белгиланади. Шартнома бекор қилинаётганида бериладиган компенсация тўлови ҳам бор. Қолаверса, заводнинг ўз жамоа шартномаси бор. Унга кўра боқувчиси йўқотган ёки иккидан ортиқ қарамоғида фарзанди бўлган шахсларга 10 минимал миқдорида қўшимча пул тўланади. Биз ўзимиздаги қўшимча иш ўринларини ҳам уларга таклиф этамиз. Маъқул келса ишларини давом эттиришлари мумкин. Айтайлик, Олтиариқдан, Фарғонадан ёки Бухородан, ҳатто ундан олис масофада яшовчи ишчиларимиз орасидан заводимизда ишлаш таклифи билан келганлар бор. Йўл қатнови, яшаш шароитини эплай олса марҳамат қилиб бизда ишлаши мумкин. Кўпчилик ходимларимиз шу тартибга рози. Норозилар эса турли иғволар билан устимиздан ёзишмоқда. Начора, ҳаммага баб-баравар ёқишнинг имконияти йўқ Ҳозирги ҳолат шундай», деган у.

Маълумот учун, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи унитар шўъба корхонаси «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ таркибида бўлиб, нефтни қайта ишлаш соҳасидаги ёқилғи-мой ишлаб чиқариш бўйича деярли барча турдаги нефть маҳсулотлари ассортиментини ўз ичига олади.

Мавзуга оид