Жамият | 10:07 / 08.05.2017
6556
2 дақиқада ўқилади

Непалда Эверестни забт этмоқчи бўлганларга энг юқори ёш чегараси киритилмоқчи

Фото: Pinterest.com

Непал ҳукумати 85 ёшли непаллик Мин Баҳодур Шерхон дунёнинг энг баланд чўққиси Эверестни забт этиш вақтида вафот этгандан кейин бу чўққини забт этмоқчи бўлганлар учун энг юқори ёш чегарасини киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Непалнинг альпинизм уюшмаси раҳбари Анг Тширинг маълум қилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. 

Унинг айтишича, Непал ҳукумати альпинистлар учун ёш чегарасини ўрнатиш масаласини жиддий муҳокама қилмоқда. Тширинг альпинистлар учун ёш чегарасини киритиш зарурлигини таъкидламоқда. "Агар бундай чегара бўлганда, ҳаётлар йўқотилишига барҳам бериш мумкин эди", деб айтди мутахассис. Унинг айтишича, уюшма альпинистлар учун энг юқори ёш чегарасини 76 ёш қилиб киритиш ташаббусини илгари сурмоқчи. Агар бу таклиф қабул қилинса, унда 76 ёшдан ошган альпинистларга Эверестга кўтарилиш тақиқланади.

Непал қонунчилигига кўра, Эверестга 16 ёшдан кўтарилиш мумкин, бироқ бу борадаги энг юқори ёш чегараси белгиланмаган.

Шерхон 6 май куни Эверестга кўтарилиш вақтида денгиз сатҳидан 5364 метр баландликдаги таянч лагерида вафот этди. Шерхон 2017 йилда Эверестга кўтарилиш учун лицензия олган 317 нафар альпинист орасида бор эди. Шерхон таянч лагерига апрель охирида келиб, мослашувдан ўтаётган эди. Альпинист вафотининг аниқ сабаби ўрнатилмаган ва у патологоанатомик текширувдан кейин аниқланади.

Шерхон 2008 йилда 76 ёшида Эверестга кўтарилиб, уни забт этган энг ёши улуғ альпинистга айланганди. Бироқ унинг бу натижасини 2013 йилда 80 ёшли япониялик Юичиро Миур янгилаганди. Шерхон 2017 йилда ўз рекордини яна қайтиб олмоқчи бўлганди. 

Мавзуга оид