Фотожамланма: EXPO-2017 кўргазмаси очилишига бир ой қолди
10 июнда Остонада ихтисослаштирилган халқаро кўргазма EXPO-2017 ўз ишини бошлайди. Кўргазма мажмуасининг қурилиши 3 йил аввал бошланган. Tengrinews.kz нашри мухбирлари Қозоғистоннинг энг катта кўламли лойиҳаси очилишига бир ой қолганда у қандай кўринишда эканлигини аниқлашга бел боғлашди.
5 йил аввал 161 та давлат вакилларининг яширин овоз бериши орқали Остона 2017 йилги ихтисослаштирилган кўргазма ўтказиладиган жой сифатида танланган. Кейинроқ миллий компания томонидан кўргазма мажмуаси лойиҳаси танланди. Натижада мажмуа марказида сфера шаклидаги иншоот бўлган лойиҳа ғалабани қўлга киритди.
Анъанавий равишда кўргазманинг рамзи бирор қурилиш объекти бўлади. 1889 йилдаги кўргазманинг рамзи Париждаги Эйфель минораси бўлган, 2017 йилда бу рамз бош миллий павильон сфераси бўлади.
"Бу сфера шаклидаги иншоот 80 метр диаметрга, 100 метр баландликка эга ва дунёдаги бундай энг катта иншоотдир. Сфера 8 қаватдан иборат. Ҳар бир қаватда муқобил энергиянинг бир тури намойиш қилинади. Мисол учун, 1-қават гидроэнергетика, 2-қават қуёш энергияси, 3-қават шамол энергияси, 4-қават биоэнергетика, кимё энергетикасига бағишланади. Буларнинг ҳаммаси барчага ва албатта, бизга, қозоғистонликларга тажрибавий намуна сифатида қолади", деб айтганди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.
Кўргазмани ташкиллаштириш ва ўтказишга жавобгар бўлган "Астана ЭКСПО-2017" миллий компаниясида маълум қилинишича, иншоотнинг ойнаванд фасад қобиғи конструкциясида фотоэлектрик элементлар қўлланиши кўзда тутилган. Бу элементлар қуёш энергиясини электр энергиясига айлантиради. Сферанинг юқори қисмида иккита шамол генератори жойлашган. Шу билан бирга бино шамол оқимларини йўналтиришга имкон берувчи "шамолни тутувчи" шаклга эга.
Павильонлар ичида меҳмонлар кўргазма йўналиши услубидаги ёрқин ва келажакка хос дизайн билан кутиб олинади.
"Бугунги кунда кўргазманинг 20 та объектидан 18 тасининг қурилиши битказилди. Иккита объект – Конгресс-центр ва меҳмонхонада ҳали қурилиш давом этмоқда", деб маълум қилганди апрелда "Астана ЭКСПО-2017" бошқарув раиси Ахметжан Есимов.
"Астана ЭКСПО-2017" маълумотларига кўра, кўргазмага 310 минг хорижлик меҳмонларнинг халқаро рейсларда келиши кутилмоқда. Кўргазма бошланишига авиация мутасаддилари қўшимча авиарейслар, жумладан, Польша, Венгрия, Финляндия, Хитойнинг янги авиаташувчиларининг умумий парвозлар частотаси ҳафтасига 11 та рейсдан иборат бўлган 4 та йўналиш бўйича рейсларини йўлга қўйишга ваъда берганлар.
Кеч тушиши билан марказий сфера жуда ҳайратланарли кўриниш олади. Ташкилотчиларнинг ваъда беришича, сфера сиртида ёруғлик шоуси намойиш қилинади. Кўргазма ҳудудида павильонлар биноларидан ташқари, конгресс-холл ва очиқ осмон остидаги амфитеатр фаолият юритади.
Кўргазмага иш кунларига тўғри келувчи белгиланган санада ташриф буюриш 4 минг танга, дам олиш кунларига тўғри келувчи белгиланган санада келиш эса 6 минг танга туради. Кўргазмага исталган кунда келишни истовчилар эса 8 минг танга тўлашларига тўғри келади.
Суратлар: Турар Казангапов ©
Мавзуга оид
17:43 / 25.11.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолди
12:47 / 22.11.2024
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
20:59 / 18.11.2024