Жаҳон | 19:12 / 05.03.2026
1748
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Марказий Осиё мамлакатларининг экологик саммити бўлиб ўтади

Саммит иқлим ва экологик таҳдидлар, жумладан, экологик таназзулнинг глобал рамзига айланган Орол денгизи фожиаси ва Каспий денгизи сатҳининг пасайиши давом этаётганига минтақавий ёндашувни акс эттирувчи келишилган ва амалий йўналтирилган ечимлар ва механизмларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Фото: AKIpress

22-24 апрель кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Минтақавий экологик саммит (RES) бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлигига таяниб AP хабар берди.

Саммитда минтақа мамлакатларининг давлат органлари, халқаро ташкилотлар, ривожланиш институтлари, экспертлар ҳамжамияти, бизнес ва фуқаролик жамиятидан 1,5 мингга яқин иштирокчи қатнашади.

Саммит ялпи сессиясида Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Арманистон, Мўғулистон президентлари ва бошқа юқори даражадаги шахслар нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Форум БМТ билан ҳамкорликда иқлим ва экология муаммоларига минтақавий ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган.

RES-2026 бир қатор асосий ҳамкорлар, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Қайта тикланадиган энергия бўйича халқаро агентлик (IRENA), Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ва бошқа глобал ва минтақавий институтлар томонидан қўллаб-қувватланади.

Саммит иқлим ва экологик таҳдидлар, жумладан, экологик таназзулнинг глобал рамзига айланган Орол денгизи фожиаси ва Каспий денгизи сатҳининг пасайиши давом этаётганига минтақавий ёндашувни акс эттирувчи келишилган ва амалий йўналтирилган ечимлар ва механизмларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Марказий Осиёнинг «яшил» молиялаштиришга бўлган ҳақиқий эҳтиёжларини аниқлаш, мослашиш чораларини қўллаб-қувватлаш, кам углеродли технологияларни ривожлантириш ва минтақавий экологик барқарорликни мустаҳкамлаш муҳим устувор йўналишлар ҳисобланади.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Экология ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларацияси қабул қилиниши, шунингдек, БМТ агентликлари билан биргаликда Марказий Осиёнинг барқарор келажаги учун минтақавий ҳаракатлар дастури (2026-2030) тасдиқланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, форумнинг асосий йўналишлари бўйича янги экологик лойиҳалар ва ташаббусларни ишга тушириш режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид