БМТ Олий Комиссари Ўзбекистон қамоқхоналари ҳамда аёл-раҳбарлар муаммоси ҳақида
11 май куни Халқаро Пресс-клубда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Олий Комиссар бугунги кунда Ўзбекистондаги ислоҳотларни кўриб тургани ва уларни тан олиши, шунингдек мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар халқаро ҳуқуқ тажрибасига мувофиқ эканини таъкидлади. Жорий йилда қабул қилинган қонунларга тўхталиб, уларнинг конструктив характерга эга эканини қайд этди.
Шунингдек Зайд Раад Ал-Ҳусайн Ўзбекистондаги халқ билан мулоқот, коррупцияга қарши кураш ҳамда сўз эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларнинг таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Ҳукуматнинг амалга оширилаётган ишлар бўйича мониторинг олиб боришига эътибор қаратиб, буни ҳам мамлакатда шаффоф муҳит яратишдаги муҳим ижобий жиҳат сифатида эътироф этди.
БМТ Олий Комиссари ютуқлар билан бир қаторда баъзи камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, узоқ йиллардан бери қамоқхоналарда жазо ўтаётган кишиларга муайян имкониятлар яратишга тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон шаффофлик йўлини танлаган экан, мамлакат қамоқхоналарида кечаётган жараёнлардан халқни бохабар қилиб туриши керак. Зеро бир неча йил аввал Ўзбекистон қамоқхоналарида мамлакат имиджини бузувчи ҳолатлар қайд этилганини эслатиб ўтди. Шу ўринда журналистлардан бири Комиссарнинг ташрифи айнан муайян маҳбус билан боғлиқми ёки бундан умумий манфаатлар кўзланганми деган савол билан мурожаат қилди. Бунга жавобан Зайд Раад Ал-Ҳусайн умумий масалалар бўйича келганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Зайд Раад Ал-Ҳусайн Ўзбекистондаги раҳбарлик лавозимида аёлларнинг камлигига эътибор қаратди. Ҳукумат ва маҳаллий ташкилотларда аёл-раҳбарларни кўпайтириш масаласи ўрганиб чиқилиши ва бу борада муайян ишлар қилиниши кераклиги, зеро уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни муҳим эканини қайд этди.
Умумий хулоса сифатида, БМТ Олий Комиссари Ўзбекистон айни вақтда "чорраҳа"да тургани, "саёҳат" энди бошланаётганини таъкидлади.
Маълумот учун: Зайд Раад Ал-Ҳусайн БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича еттинчи Олий Комиссаридир. У АҚШнинг Жон Ҳопкинс университетида гуманитар фанлар бакалаври ва Буюк Британиянинг Кембриж университетида фалсафа фанлари доктори даражасига эга бўлган. Ал-Ҳусайн 2014 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари этиб тайинланган илк Осиё вакили ҳисобланади. Бунга қадар у БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилган. Зайд Раад Ал-Ҳусайн халқаро ҳуқуқ, халқаро жиноий судлов, тинчликпарварлик операцияларини амалга ошириш ва ядровий терроризмга қарши кураш масалалари бўйича мутахассис ҳисобланади. Халқаро жиноят судини таъсис этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар элементларини аниқлаш ишларида иштирок этган. Оилали, икки нафар қиз ва ўғил фарзанди бор.
Мавзуга оид
14:50
БМТ: 2023 йилда парник газлар концентрацияси янги рекорд даражага етди
08:56
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
10:30 / 29.10.2024
БМТ бош котиби: Ғазо шимолидаги аҳоли чидаб бўлмас аҳволда
15:30 / 26.10.2024