Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шерзод Асадов Москвада Сергей Кириенко ва Дмитрий Песков билан учрашди
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов бошчилигидаги делегация уч кунлик ташриф билан Москвада бўлди.
Сафар давомида РФ президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, Администрация раҳбарининг ўринбосари – президент матбуот котиби Дмитрий Песков, президентнинг стратегик шериклик ва ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Вадим Титов, президентнинг жамоат лойиҳалари бошқармаси бошлиғи Сергей Новиков, президентнинг АКТ ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Татяна Матвеева билан учрашувлар ўтказилган.

Шунингдек, Россиянинг қатор жамоат ва ёшлар тузилмалари, креатив ва медиа ташкилотлари вакиллари билан ҳам мулоқотлар бўлиб ўтган.
Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, учрашувларда мунтазам профессионал мулоқотни ривожлантириш, матбуот хизматлари, таҳлил марказлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма таълим тадбирларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинган.


“Бошқарув кадрларини тайёрлашга ихтисослашган замонавий марказ – “Сенеж” бошқарув устахонаси фаолияти билан танишув катта қизиқиш уйғотди.

Ўтказилган учрашувлар томонларнинг медиа ва коммуникатсиялар соҳасида очиқ мулоқотга, тажриба алмашишга ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади”, – деди Асадов.