Жамият | 21:14 / 12.05.2017
166525
8 дақиқада ўқилади

Россиянинг аҳволи шу: ўзбекларсиз улар 2025 йилгача яшай олмайди

Ёш йигит, миллати ўзбек ёки тожик, маълумоти ўрта, қурилишда ишлайди — тадқиқотлар меҳнат мигрантининг портретини ана шундай тасвирлайди. Яқин йиллар ичида эса Россия бундай инсонларсиз яшай олмайди, деб ҳисоблайди РФ президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси ижтимоий таҳлил ва прогнозлаш институти катта илмий ходими, географ ва демограф Юлия Флоринская.

Мигрант портрети

Ўн ҳолатдан еттитасида меҳнат мигранти Марказий Осиёдан — Ўзбекистон, Тожикистон ёки Қирғизистондан Россияга келган бўлиб чиқади. Танланма сўровларга кўра, уларнинг орасида маҳаллий миллат вакиллари кўпчиликни ташкил этади ва рус миллатига мансублар 10 фоиздан кам.

Мигрантларнинг аксарияти — эркак. Расмий статистикага кўра, 2015 йилда аёллар улуши 20 фоиз атрофида бўлган. Бироқ, кўплаб тадқиқотчилар фикрича, ноқонуний мигрантлар ҳисобга олинса, уларнинг сони кўпроқ ва сўнгги йилларда 30–35 фоизга етмоқда. Расмий статистиканинг аёлларни ҳисобга олмаслиги уларнинг ишга жойлашиш хусусияти билан боғлиқ — аёллар кўпинча расмий қайддан ўтмасдан ноформал секторда, масалан, одамларнинг уйида иш олиб боришади (чунки полициячилар уларни кўп ҳам текшириб ўтиришмайди). 

Меҳнат мигрантлари борган сари ёшармоқда: агар 2000 йилда 18–29 ёшли инсонларнинг улуши чорак қисмга тенг бўлган бўлса, 2015 йилга келиб улар 45 фоизни ташкил этишмоқда. 

Хорижий ишчилар кўп таълим олишмаган — уларнинг 40 фоизи касбий таълимни ўқишмаган (на олий, на ўрта махсус). Россияга кўпинча унчалик катта бўлмаган шаҳарча ва қишлоқлардан одамлар келишади (оқимнинг ярмисидан тўртдан уч қисмигача). Ишлаш учун оилавий келаётган мигрантларнинг сони ҳам бирмунча ошган: масалан, уларнинг учдан бир қисми ўзи билан эри ёки хотинини ҳам қўшиб олиб келишади (аёллар ўртасида эри билан бирга келганлар 50 фоиздан кўпроқ); фарзандларини оилаларнинг фақат 10 фоизи олиб келишади. Фарзандлари билан келганларнинг аксарияти — 80 фоизи тўлиқ оилалардир, улар яхши таъминланган, таълим олишган, рус тилини яхши билишади ва Россияга бутунлай яшаш учун кўчиб ўтишни мақсад қилишган.

Мигрантлар рус тилини яхши ўзлаштиришмаган, бироқ бу борада ҳозирча фалокат кузатилаётгани йўқ. Уларнинг 20 фоизи рус тилини жуда ёмон билишади ёки умуман билишмайди, Россияда ўз она тилида гаплашади, иш вақтида сўзлашувда қийинчиликларга дуч келади. Мигрантларнинг учдан бири дўкон, дорихоналарга борганда тил муаммосига дучор бўлишади; тенг ярми ҳужжатларни тўлдиришда қийинчиликларга дуч келишади. Лекин рус тилини ўзлаштириш учун асосий канал барибир иш жойи ҳисобланади — мигрантларнинг аксарияти ишда барибир русча муомала қилишади.

Кейинги пайтда ўрнашиб қолган фикрларга терс ўлароқ, меҳнат миграцияси тобора узоқ муддатли лойиҳалигича қолмоқда: миграцион статистикага кўра, 2015 йилда мигрантларнинг учдан бири Россияда бир йилдан зиёд қолган, бешдан бири — ярим йилдан бир йилгача. Миграцион тадқиқотлар маркази томонидан ўтказилган сўровномага кўра, сўралганларнинг 60 фоизи узоқ муддатли миграцион стратегияни мақсад қилишган, бу ҳолда 40 фоиз одам Россияда йилнинг кўп қисмини ўтказиб, уйига бир–уч ойга таътилга бориб келишини, 35 фоиз одам эса — Россияда доимий яшаётганини билдириб ўтган. Мигрантларнинг сўнгги тоифаси факт жиҳатидан, аллақачон Россия аҳолиси вакили ҳисобланади.

Мигрантлар қаерда ва ким бўлиб ишлайди?

Меҳнат миграцияси энг чўққисга чиққан 2014 йилда ҳам (71, 5 миллион кишилик) Россия меҳнат бозорида банд бўлган хорижликлар улуши 10 фоиздан ошмаган эди, ҳозирга келиб у 7–8 фоиз атрофида. Бу тахминан Норвегия, Испания, Германия ёки Бельгия даражасида, демак.

2009 йилги бутунроссия сўрови маълумотларига кўра, иш берувчиларнинг фақат 14 фоизи меҳнат мигрантлари хизматидан фойдаланган. Йирик бизнесда бундайлар сони 21 фоиз бўлган, кичик бизнесда эса 12 фоиз (лекин бу кўрсаткич атайин пасайтирилган бўлиши керак, чунки кичик бизнес мигрантларни кўпроқ ёллайди, лекин бу иш ноформал тарзда амалга оширилади ва турган гапки, социологлардан яширилади).

Қуйидаги расмда кўриниб турибдики, мигрантлар асосан қурилиш (34 фоиз), хизмат кўрсатиш соҳаси (13 фоиз) ва қайта ишлаш саноати (10 фоиз) да меҳнат қилишади.

Хорижликлар қурилиш ишларида россияликларга нисбатан 4,4 марта кўпроқ меҳнат қилишади (34 га 8 фоиз); бу ҳали норасмий бандлик маълумотлари ҳисобга олинмаган ҳолда, биламизки, нолегалларнинг аксарияти айнан қурилиш соҳасида тер тўкишади. Умуман олганда, қурилиш ишларида банд бўлган ишчилар ичида хорижликларнинг улуши 15 фоиздан ошади. Хорижликларнинг хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлиши ҳам тобора ошиб бормоқда, жумладан, россияликларнинг шахсий уй хўжалигидаги ишларида (таъмирлаш, йиғиштириш, болаларга ва кексаларга қараш).

Бошқа тарафдан, савдо соҳасида россияликлар хорижликларга нисбатан 2,6 марта кўпроқ ишлашмоқда (18 фоизга 7 фоиз), бу асосан қонунчиликда ушбу соҳада хорижликларни ишга қабул қилишда жорий этилган чекловлар билан боғлиқ, транспорт соҳасида ҳам россияликлар уч баробар кўпроқ банд (9 га 3 фоиз).

Одатга кўра, мигрантлар ташкилотларда паст ва касб маҳорати талаб этилмайдиган ишларга жалб қилинган, маҳорат талаб этиладиган ва раҳбар лавозимларни россияликларга қолдиришган. Россиялик раҳбарлар ва олий тоифали мутахассислар улуши хорижликларга нисбатан сезиларли даражада катта (9 фоизга 4 фоиз). Ва аксинча, россиялик маҳоратсиз ишчилар сони хорижликларга нисбатан уч баробар кам (8 га 21 фоиз).

Хорижий ишчилар РФ ҳудуди бўйлаб тенг тақсимланмаган ва асосан икки федерал округ — Марказий ва Шимолий-Ғарбийда тўпланиб қолган. Хорижликлар учун энг “қизиқ” ҳудудлар, ичида, албатта, Москва, Москва вилояти ҳамда Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти, шунингдек, мигрантлар россияликларнинг ўзи ҳам иш излаб талпинувчи Ханти-Мансийск автоном округи — Югра ва Краснодар ўлкаси ҳам бор.  

Россияга мигрантлар нега керак?

Россияда меҳнатга лаёқатли аҳолининг қисқариши 2007 йилдан буён давом этмоқда — сўнгги бир неча йиллар ичида тахминан йилига 1 миллион кишидан. Росстатнинг 2015 йилдаги ўртача прогноз вариантига кўра (пастдаги суратга қаранг), 2025 йилга бориб Россиянинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси яна 7 миллионга қисқаради. Бундай шиддатли қисқаришни фақат меҳнат унумдорлигини ошириш ва Россия аҳолисининг иқтисодий фаолиги эвазигагина қоплаш мумкин. Шу сабабли меҳнат мигрантлари ҳозир Россияга сув ва ҳаводек зарур.

Мигрантлар нафақат Россия меҳнат бозоридаги ишчилар етишмаслиги ўрнини тўлдиради. Улар мамлакат ЯИМига сезиларли ҳисса қўшишади, солиқ тўлашади (албатта, расман қайддан ўтказилганда). Улар россияликлардан турар-жой ижарага олишади, маҳсулотлар ва кийим-кечак харид қилишади. 2015 йилдан бошлаб меҳнат мигратлари РФ ҳудудида мажбурий тарзда медицина суғурталари харид қилишлари лозим, гарчи ундан амалда ҳеч ким фойдаланмаётган бўлса-да. Мигрантлар томонидан патентлар учун ойлик тўлов ҳам ҳудудий бюджетлар учун яхшигина қувват бўлмоқда: 2016 йилда бу деярли 45 миллиард рублга тенг бўлган, боз устига, бу тўловларни айнан тожиклар ва ўзбеклар қилишади (патентларнинг 82 фоизини шу миллат вакиллари расмийлаштиришади).

 

Мавзуга оид