Сохта ҳужжат “тилга” кирганда: Андижонда хусусий фирма раҳбари жазоланди
Шаҳрихонлик Абдурафиқ Тўймуродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекистонда яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда, бундан ўн саккиз йил муқаддам “АСИЛ” хусусий ишлаб чиқариш фирмасини таъсис этиб, уни давлат рўйхатидан ўтказиб олган эди. Фирма 22 нафар ходимни ўз тасарруфига олган ҳолда иш бошлади. Бироқ, тадбиркор тўғри йўлдан бориш ўрнига, бора-бора қинғир режалар тузиб, жиноий даромад топишдек номақбул ва охири вой ишга қўл урди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Қарангки, унинг соясига салом берадиганлар ҳам топилиб қолди. Ана шундай шахслардан – мансабдорлардан бир неча нафарининг бошини “қовуштирган” Абдурафиқ кунларнинг бирида атрофида уюшган гуруҳ пайдо бўлганини сезмай ҳам қолди. Гуруҳ манфаатларини ҳимоя қилиш, топилган ноқонуний даромадларни ўзаро тақсимлаш эса унинг вазифасига айланди. Дастлаб, бир неча банк муассасаси ва шохобчаларида ўз раҳбарлик қилаётган фирма учун ҳисоб рақами очди. Мақсад – мансабдор шерикларидан келиб тушаётган маблағларни бир жойга жамғариш. Бу орада Шаҳрихон пахта тозалаш очиқ акциядорлик жамияти Сегазақум пахта тайёрлов масканида пилла қурти боқиш ва маиший хизмат хоналари қуриш бўйича тендер савдоси ўтказилди. Шериклари кўмагида Абдурафиқ бу савдода қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Ўзи раҳбарлик қилаётган фирма ва пахта тозалаш очиқ акциядорлик жамияти ўртасида жами 1 млрд. 145 млн. сўм қийматдаги пудрат шартномаси имзоланди.
Кўп ўтмай, қурилиш ишлари якунланиб, бу ердан қурилиш техникалари олиб чиқиб кетилди. “Ана, энди ғалвирни сувдан кўтарсак бўлади”, ўйлади Абдурафиқ. У нафс амрига бўйсуниб, бажарилган ишлар ҳажми ҳақида тузилган ҳисоботномасига жами 37 миллион 400 минг сўмлик ишларни қўшиб ёзиб юборди ва юқоридаги жамият ҳисобхонасига тақдим этди. Бу ердагилар ҳам сохта маълумотномадаги рақамларни текширишдан кўз юмдилар. Натижада жамиятнинг катта миқдордаги маблағи ҳавога совурилди. Абдурафиқ бу ишлар ими-жимида битганидан хурсанд эди. У галдаги режани кўзлай бошлади.
Жиноий ҳаракатларини давом эттирган қурилиш фирмаси раҳбари иккинчи марта мансаб сохтакорлигига йўл қўйиб, Андижон вилоятида фаолият кўрсатадиган вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мутасаддилари билан ўзаро тил бириктириб, Олтинкўл тумани чақирув маскани биноларини капитал таъмирлаш бўйича иккинчи бор тендер танловида қатнашди. Бу савдода ҳам ғолибликни қўлга киритгач, жами 654 миллион 980 минг сўмлик пудрат шартномаси имзоланди. Йил охирида барча ишлар ниҳоясига етди. “АСИЛ”нинг раҳбари яна бажарилган ишлар ҳақида ҳисоботнома тузиши ва уни буюртмачига тақдим этиши лозим эди. У бу гал ҳам виждон эмас, жиғилдон амрига қўнди. Натижада тузилган маълумотномага сохта ёзувлар киритиб, такроран фирибгарлик йўли билан аслида бажарилмаган 13 миллион 978 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишларини қўшиб ёзди. Қалбакилаштирилган бу ҳужжат ҳам ўз эгаларига етиб борди ва такроран давлат маблағлари ўзлаштирилди.
Бироқ, бу каби олғирликларга қонун қараб турармиди?!
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида бўлиб ўтган йиғилишда барча ҳолатлар зарур далил ва ашёлар орқали ўз тасдиғини топди. Сохта ҳужжатлар ўзлигини ошкор қилди. Қилинган ишларни орттириб кўрсатиш Абдурафиқнинг обрўси ва унга бўлган ишонч камайишига омил бўлди. У Ўзбекистон ЖКнинг тегишли модда ва бандларига кўра айбли деб топилди. Унга нисбатан жиноят қонунчилиги тамойилларига асосан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Мавзуга оид
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
11:38 / 25.10.2024
Вилоятлар орасида энг зич аҳоли Андижонда яшаши маълум қилинди
15:50 / 21.10.2024
Андижон ва Тошкентда 1 млрд сўмдан ортиқ “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
10:54 / 20.10.2024