Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Жинпинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Пекин шаҳрига жўнаб кетди. Президентга сафарда рафиқаси Зироатхон Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.
«Шоуду» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентни ХХР расмий шахслари кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевни 12 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши биносида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
ХХР раиси Си Жинпинг Ўзбекистон раҳбарини Хитойга биринчи давлат ташрифи билан самимий қутлади.

«Сиз билан Пекинда учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу йил давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлгани ҳамкорлигимизнинг бундан кейин ҳам жадал ривожланишига замин бўлади. Бугун барча соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни қувонтиради», — деди Си Жинпинг.
ХХР Раиси Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўяётганини, бу босқич юқори технологиялар соҳасида кенг кўламли ҳамкорлик бошлангани билан изоҳланишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдирди ва бугунги музокаралар олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
«Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига ҳурмат кўрсатиб, 2016 йил Бухорога борганингиз, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросга катта қизиқиш билдирганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Хитойни қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиётининг етакчиларидан бўлган ва ўз мақсадлари йўлида дадил бораётган мамлакат сифатида билади», — деди Мирзиёев.
Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Кенгайтирилган таркибдаги музокарада иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.



















