00:00 / 18.05.2017
7066

Франциянинг янги ҳукумати таркиби маълум қилинди

Фото: EPA/CHRISTOPHE PETIT TESSON

Франциянинг янги бош вазири этиб тайинланган Эдуар Филипп томондан шакллантирилган мамлакатнинг янги ҳукумати таркиби Парижда эълон қилинди. Вазирлар рўйхатини Елисей саройи бош котиби Алекси Колер маълум қилди. 

Вазирлар маҳкамасининг янги таркибидан 22 киши жой олди: 18 вазир ва 4 нафар давлат котиби. Улардан 11 нафари эркак ва 11 нафари аёлни ташкил қилади. Улардан 3 нафари давлат вазири махсус мақомини олишди. Булар Лион мэри, Социалистик партия сафидан бўлган нуфузли сиёсатчилардан бири Жерар Колон, у ички ишлар вазири этиб тайинланди; француз "яшиллари"нинг кўп йиллик етакчиси Николя Юло, у экологик ўтиш вазири лавозимини олди; "Демократик ҳаракат" етакчиси Франсуа Байру, у адлия вазири лавозимини олди.

Аввалги ҳукуматдан янги ҳукуматга ўтган ягона вакил Жан-Ив Ле Дриан – собиқ президент Франсуа Олланднинг яқин сафдошларидан бири бўлди. Янги ҳукуматда у Европа ва хорижий ишлар вазири лавозимини олди. 

Франция мудофаа вазири лавозимини эса Ле Дриан ўрнига Сильви Гулар эгаллади. У 2007 йилдан бери бу лавозимни эгаллаётган илк аёл бўлди. Шу билан бирга мудофаа вазирлиги номи ҳам ўзгарди, энди у қуролли кучлар вазирлиги деб аталади. 

Франция иқтисодиёт вазири лавозими Брюно Ле Мэрга насиб қилди. Меҳнат вазири этиб партиясиз Мюриэль Пенико тайинланди. 

Франциянинг янги ҳукумати 7 майда ўтган президентлик сайловларидан кейин шакллантирилди. 15 май куни Франциянинг янги президенти Эмманюэль Макрон янги бош вазир этиб Гавр шаҳри мэри Эдуар Филиппни тайинлади ва унга 16 майгача вазирлар маҳкамасини шакллантириш вазифасини топширди. 

Янги вазирлар маҳкамаси бир ойдан сал кўпроқ, Миллий йиғилишга (парламентнинг қуйи палатаси) сайловлар ўтгунча ишлайди. Бу сайловлар 11 ва 18 июнь кунлари ўтади ва унинг натижаларига кўра, янги ҳукумат истеъфога кетказилади.  

Агар Франция парламентига сайловларда Макрон блоки ютса, унда янги ҳукумат истеъфога кетгандан кейин яна аввалги таркибда йиғилади.  

Top