Жамият | 18:04 / 20.05.2017
11451
4 дақиқада ўқилади

Бухорода пулфурушлик билан шуғулланган шахсни ўлдирганлар 19 йилга қамалди 

Иллюстратив фото

Толмас Раҳимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яқин дўсти Ҳайит Рустамов билан жиноий режа тузиб, Бухоро шаҳридаги “Шаҳнозабону” тўйхонаси олдида велосипед ўғирлашди. Икковлашиб, 2015 йилнинг январь ойида Мушфиқий кўчасида яна бир мудҳиш жиноятга қўл уришди. Улар уйига қайтаётган Умарбек Ҳайдаровни уриб, унга тегишли бўлган мол-мулк ва 9 миллион 600 минг сўм пулни ўмариб кетишди. Жабрланувчи дод-фарёд қилганича қолаверди. Шунда ҳам уларни кимдир ўртага солиб, тартибга чақирмаган экан, дея ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Пул топишнинг бундай усули уларга жуда ёқиб тушган экан. Энди Толмас Раҳимов туни билан ухламай яна бир режа тузиб чиқди. У ўз сафига танишлари Сардор Нўъмонов, Жаҳонгир Жумаев ва Ҳамдам Сафаровларни ҳам жалб қилди.

-  Бир учрашиб отамлашсак, яхши бўларди, - деди Жаҳонгир синфдоши Толмасга қўнғироқ қилиб.

“Маданият” МФЙ ҳудудидаги дала ҳовлида учрашган ҳамтовоқлар ўртага бир шиша ароқни қўйиб, отамлашиб қабиҳ режа тузишди. Улфатлар Толмаснинг режасини эшитиб, аввалига ҳайрон қолишди. Кимдир иккиланди, бошқаси хайрихоҳ бўлди...

-  Хайриддинни кўпдан бери кузатаман. Уни “Дилкушо” бозорида савдо қилиб юрган кезларимдан буён танийман. "Тихий" бола. “Тоқи Саррафон”да пулфурушлик қилади. Ҳар кун пул билан келади. Лекин битта ёмон томони бор-да,.. – бироз ўйланиб туриб деди Толмас. – У мени яхши танийди. Бу ишни учаланг қилишинг керак.

-  Қандай қилиб?..

-  Бу қийин эмас, - деди Толмас жиноят режасидаги иш тақсимотини айтиб. – Уйимизда бейсбол таёғи (бита) бор, урса ҳар қандай одам йиқилади.

-  Бўпти. Сен ўша таёқни олишни унутма. Сардор, сенинг “Матиз”ингдан фойдаланамиз.

Хайриддинни жиноий гуруҳ аъзолари бир неча кун кузатишди. Шундай кунларнинг бирида Хайриддин велосипед ҳайдаб, ажал шарпалари писиб ётган автомашина олдидан ўтиб кетди. Пайт пойлаб, унинг ортидан тушган “Матиз” Х.Худойбердиевнинг уйига яқин бўлган Боғишамол кўчаси чорраҳасига келиб тўхтади.

Ўз хаёллари билан кетаётган Хайриддин кутилмаганда бошига урилган қаттиқ зарбадан гангиб, велосипеддан йиқилиб тушди. Унинг ёнидаги пулларни қўлга киритган жиноятчилар зулмат қарига кириб, ғойиб бўлишди.

Қўлга киритилган пулларни санаб, тақсимлаб олишаётган йигитларнинг виждони зиғирча қийналмади. Улар жабрдийдага тегишли 9 миллион сўм, 1800 АҚШ доллари, 670 евро, 4500 Россия рублини тенг тақсимлашди.

Йўлда йиқилиб ётган одам йўловчиларни бефарқ қолдирмади. Зудлик билан тегишли жойга қўнғироқ қилишди. Яқинлари етиб келганда Хайриддин Худойбердиев беҳуш эди. Уни зудлик билан шошилинч тиббий ёрдам марказига келтиришди. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажалар ёрдам бермади. У ҳаётдан кўз юмди.

Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан зудлик билан суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Тезда калаванинг учи топилди ва жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Бу кимсаларнинг жиноят ортидан топилган маблағлар ҳисобига “мазмунли” ўтаётган кунларига якун ясалди. Суд ҳукмига биноан Ўзбекистон ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноятчиларнинг ҳар бири 19 йилдан муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид