Лочинбек Тошпўлатов ким?

Лочинбек Тошпўлатов 2020 йилдан 2025 йил 19 июлга қадар Бухоро шаҳар ИИБ терговчиси, 2025 йил 19 июлдан 9 сентбяргача Пешку тумани ИИБ профилактика инспектори, 9 сентябрдан 30 декабрга қадар эса Ромитан тумани ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган. Бухоро вилояти ИИБ томонидан ўтказилган хизмат текширувига кўра ички ишлар ходими шаънига путур етказувчи ҳаракатлар содир этгани сабаби билан 2025 йил 30 декабрда хизматдан бўшатилган.

У айни пайтда “йўқолиб қолган”: унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган. Kun.uz аввалроқ Лочинбек Тошпўлатов Бухоро шаҳрида кўп қаватли турар жой мажмуаси қуриб сотувчи қурилиш фирмасига нисбатан олиб борилган терговда далилларни сохталаштирган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Лочинбек Тошпўлатов ўзига нисбатан ноҳақлик бўлаётгани, бу ишлар ортида вилоят прокурорининг ўринбосари Алиакбар Пўлатов ва вилоят прокуратураси тергов бўлими бошлиғи Отабек Музаффаров турганини айтган. 

Лочинбек Тошпўлатовнинг қидирувга берилгани Kun.uz’нинг “Best building company” МЧЖ билан боғлиқ суриштирувидан сўнг аниқ бўлганди. Ушбу МЧЖнинг илк таъсисчиси Умиджон Нуруллаев айнан Лочинбек Тошпўлатовнинг ғайриқонуний тергови натижасида ноҳақ айбланганини айтган.

Йўқолган тақинчоқлар

Бош прокуратура Kun.uz’га Лочинбек Тошпўлатов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилиб, ҳозирда тергови давом этаётган жиноят иши тафсилотлари ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, Лочинбек Тошпўлатовга нисбатан 2025 йил 29 декабрда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, фуқаро Бобур Раупов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-кисми (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши Лочинбек Тошпўлатов иш юритувида бўлган. 2024 йил 24 апрелда ушбу жиноят иши бўйича фуқаро Р.Ш.нинг Бухоро шаҳридаги уйида тинтув ўтказилган. Лочинбек Тошпўлатов тинтув жараёнида баённомага асосан олинган 1 жуфт тилла сирға, 1 дона тилла узук, 5 дона банк пластик карталари, 3 дона флешка хотирасини белгиланган тартибда сақлаш учун топширмаган. Оқибатда уларнинг йўқолишига сабабчи бўлган.