Жаҳон | 13:21 / 25.05.2017
7366
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда июнь ойида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитидан нималар кутилмоқда?

Фото: РИА "Новости"

Остона шаҳрида июнь ойида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қабул қилинадиган ҳужжатлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко маълум қилди.

"Остонада 8-9 июнь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида давлат раҳбарларининг халқаро терроризмга қарши кураш бўйича қўшма баёноти ва экстремизмга қарши кураш бўйича Конвенциянинг қабул қилиниши минтақа давлатларининг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтиради", - деди Василенко “Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорликни қонунчилик жиҳатидан таъминлашда парламентлар ўрни” мавзусидаги халқаро давра суҳбати давомида.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТ – халқаро ташкилот бўлиб, 2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан ташкил этилган. 2016 йилнинг июнида Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммитда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистоннинг кириши ҳақида меморандумлар имзоланди.

Айни дамда Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон ШҲТ кузатувчи давлатлари бўлса, Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка шерик мамлакатлардир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид