18:31 / 29.05.2017
16057

Миллий кураш. Халқаро турнир ўзбекистонлик полвонларнинг медаллари билан бойиди 

Фото: at-termiziy.uz

Термиз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий ХIII халқаро турнири бўлиб ўтяпти. Жорий йилги мусобақада 50 давлатдан 150 нафардан зиёд спортчи ва меҳмон иштирок этмоқда.

Бугунги кун доирасидан ўрин олган -73 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда дастлабки ғолиб номи маълум бўлди. Ушбу вазннинг финал босқичида Давлат Абраевга қарши гиламга кўтарилган Ҳикмат Тўраев мусобақанинг дастлабки олтин медалини қўлга киритди. Шунингдек, мусобақанинг бронза медалларини Суҳроб Худойбердиев ва Шербек Аблақуловлар қўлга киритишди.

Мусобақанинг -90 килограмм вазн тоифасида ҳам ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Хусусан, ушбу вазннинг финал баҳсида гиламга кўтарилган Яҳё Имомов Шуҳрат Арслоновни мағлуб этган ҳолда мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Шунингдек, ушбу мусобақанинг бронза медаллари Камолиддин Расулов ва Дилшод Турдиевларга топширилди.

Мусобақанинг мутлақ вазн тоифасида гиламга кўтарилган полвонларнинг финал баҳсида ҳамюртимиз Абдулла Холёров турнирнинг икки карра ғолиби Самижон Убайдуллаевни мағлуб этган ҳолда, ҳал қилувчи босқич йўлланмасини қўлга киритган Артём Осипенкодан устун эканлигини исботлади.

Шунингдек, ушбу вазн тоифасида бронза медаллари Бекмурод Олтибоев ва Бахтиёр Менглиқуловларга насиб этди.

Маълумот ўрнида: Кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир 1993 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.

Эслатма: 2015 йилнинг сентябрь ойида Осиё олимпия кенгашининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган навбатдаги Бош ассамблеясида Кураш 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди.

Top