Жаҳон | 15:40 / 07.06.2017
36995
3 дақиқада ўқилади

«Қонли Теҳрон». Терактлар бўйича сўнгги маълумотлар

Фото: Reuters

ИШИД Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида, парламент биноси ва имом Хомейни мақбараси биноларига уюштирилган ҳужумлар учун жавобгарликни зиммасига олган. Бу ҳақда Fars агентлиги хабар тарқатди.

Теҳроннинг икки нуқтасида амалга оширилган теракт қурбонлари сони 8 нафарни ташкил қилмоқда, 33 киши жароҳатланган.

Парламентга ҳужум
7 июнь куни тонгида 3 нафар қуролланган террорчи парламент биносига кириб, отишма бошлади. Tasnim агентлиги хабарига кўра, бу ҳужум давомида 7 киши ҳалок бўлди, 4 киши гаровга олинди.

Fars агентлиги ҳужум қилганлардан бири худкуш экани, у махсус хизматлар ходимлари томонидан қуршаб олингач, ўзини портлатгани ҳақида хабар берди.

Яна бир жангари парламент биносини тарк этган ва кўчада отишмани давом эттирган. Бино ичида террорчилардан бири йўқ қилингани айтилмоқда, аммо бу расман тасдиқлангани йўқ.

Депутатлар парламент биносидан эвакуация қилинган. Улар орасида жабрланувчилар йўқ.

Мақбарадаги портлашлар
Парламентга ҳужум билан бир вақтда шаҳарнинг бошқа қисмида имом Хомейни мақбарасида портлаш содир бўлди. Бу ерда ҳужум қилганлар 4 киши бўлиб, улар орасидаги аёл ҳужум бошидаёқ ўзини портлатиб юборган.

Яна бир ҳужум қилувчи қўриқчилар томонидан йўқ қилинган, унинг ёнидан 8та граната, 10та ўқдон ва ўт қўйиш учун ёқилғи солинган бутилка топилган.

Кейинроқ жангарилардан бири бино ичида ўзини портлатгани ҳақида хабар берилди, кейинроқ у бунга улгурмагани айтилди.

Мақбарага ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва 5 киши яралангани маълум қилинган.

Эрон разведка вазирлиги Теҳрон аҳлидан кўчаларга чиқмасликни сўрамоқда. Мамлакат ИИВ раҳбари Абдулризо Раҳмон Фазли фавқулодда йиғилиш чақирган.

Мавзуга оид