Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Теҳрондаги дафн маросими: Хоминаийнинг уч ўғли кўриниш берди
Эрон давлат телевидениеси Теҳрондаги йирик диний мажмуада тизиб қўйилган тобутлар ортида Мустафо, Майсам ва Масъуд Хоминаий дуо қилаётганини намойиш этди.
5 июнь кунги дафн маросимида Эроннинг марҳум раҳбари Али Хоминаийнинг уч ўғли кўриниш берди. Эрон давлат телевидениеси Теҳрондаги йирик диний мажмуа — Катта Мусалло ҳовлисида тизиб қўйилган тобутлар ортида Мустафо, Майсам ва Масъуд Хоминаий дуо қилаётганини намойиш этди.
Three sons of slain Iranian leader Ayatollah Ali Khamenei prayed beside his coffin, but Mojtaba, the son who succeeded him as Iran's supreme leader, did not make an appearance https://t.co/2gnyAzlAhQ pic.twitter.com/lKjLaw4cwY
— Reuters (@Reuters) July 5, 2026
Уларнинг отаси – Али Хоминаий оиланинг бошқа бир неча аъзолари билан бирга жорий 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаган пайтдаги авиазарба оқибатида ҳалок бўлганди. Томонлар оташкесимга эришгунга қадар бир неча ой давом этган уруш бутин Яқин Шарқда ўлим ва вайронагарчиликларга сабаб бўлди.
Давлатга бўлган оммавий садоқат ва инқилобий ғайратни намойиш этиш мақсадида Ислом Республикаси Хоминаий учун бир ҳафталик оммавий дафн маросимларини ўтказмоқда. Жумладан, унинг жасадини қўшни Ироқдаги шиаларнинг муқаддас қадамжоларига ҳам олиб бориш режалаштирилган.
Эроннинг юқори мартабали раҳбарлари ва хорижий расмийлар видолашиши учун бир кун давомида ёпиқ бинода қолдирилган Хоминаийнинг тобути шанба куни шиша ғилоф остида намойиш этилди.

Янги раҳбар кўриниш бермади, аммо миллионлаб одамлар келди
28 февраль кунги ҳужумда яралангани айтилаётган Мужтабо ҳали ҳам жамоатчилик орасида кўриниши бергани йўқ: унинг бирор-бир сурати ҳам эълон қилинмади.
Reuters манбаларига кўра, Мужтабо Хоминаийнинг юзи жиддий жароҳатланган ва унинг бир ёки иккала оёғи оғир шикастланган. Бу ҳақда унинг яқин атрофидагилар агентликка маълум қилган.

Якшанба кунга келиб яна ўн минглаб мотамдорлар, жумладан ҳарбийлар, диний мадраса талабалари ҳамда оддий халқ марҳумларга ҳурмат бажо келтириш учун Мусаллога оқиб келди. Улар қўлларида Америка ва Исроилдан ўч олиш ваъдалари битилган байроқларни ҳилпиратиб туришганди.
Маросимда Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ва парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳам тобутлар ортида дуо қилгани кўринди.

Одамлар оқими кўплиги сабабли видолашув маросими қарийб бир соатга узайтирилиб, тунги соат 22:00 гача давом этган.
Эрон метро тармоғи расмийларининг маълум қилишича, одамлар марказга оқиб келиши натижасида шанба оқшомидан якшанба тонгигача 7 миллион йўловчи ташиш қайд этилган.
Душанба куни Теҳрон марказида улкан мотам юриши ўтказилади. Шундан сўнг, жасад сешанба кунги маросимлар учун Эрон шиа иерархиясининг маркази – Қум шаҳрига олиб борилади. Унинг жасади қуруқлик орқали махсус транспорт воситасида кўчирилади.

У ердан жасад чоршанба куни шиаларнинг муқаддас зиёратгоҳ шаҳарлари — Нажаф ва Карбалодаги маросимлар учун Ироққа самолётда олиб борилади. Пайшанба куни эса у яна Эронга қайтарилиб, Машҳаддаги навбатдаги мотам юришидан сўнг, Имом Ризо мақбараси яқинига дафн этилади.
Тинчлик музокаралари тўхтаб турибди
АҚШ президенти Доналд Трамп Axios'га берган интервьюсида дафн маросими билан боғлиқ тадбирлар сабабли Эрон тинчлик музокаралари бир ҳафтага тўхтатилганини маълум қилди.
Вашингтон билан тузилган келишувга кўра, тўрт ой давом этган уруш оташкесим орқали тўхтатилди. Эрон расмийларининг таъкидлашича, бу келишув якунда улкан иқтисодий фойда келтиради ва буни улар ўта қудратли давлат устидан қозонилган ғалаба деб баҳоламоқда.
Уруш давомида 3000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, улар орасида Эроннинг кўплаб энг юқори мартабали сиёсатчилари ва ҳарбий қўмондонлари бор. Ҳарбий базалар ва йирик инфратузилма лойиҳалари вайрон қилиниб, миллиардлаб доллар зарар етказилди.
Бироқ Эрон минтақадаги АҚШ базаларига муваффақиятли зарбалар берди, уларни қабул қилган Форс кўрфази араб давлатларига талафот етказди ва Ҳурмуз бўғози устидан назоратини ўрнатди. Бу эса жаҳон энергия нархларининг кескин кўтарилишига олиб келди. АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига кўра, айнан шу омил уни тинчлик ўрнатиш жараёнини тезлаштиришга мажбур қилган.
Ўтган ойда эришилган муваққат келишув Эроннинг хориждаги миллиардлаб долларлик музлатилган активларини очишни ҳамда Эрон иқтисодиётини тиззага чўктирган молиявий санкциялардан истиснолар берилишини кўзда тутади.
Мавзуга оид
08:33 / 02.07.2026
Эрон Али Хоминаий билан хайрлашади
21:57 / 01.07.2026
Ўзбекистон делегацияси Эрон олий раҳбарининг дафн маросимида иштирок этади
22:59 / 30.06.2026
400 кг уран нега 60 фоизгача бойитилган? Эрон элчисининг жавоби
14:37 / 30.06.2026