Валюталар курси, маҳсулотлар ва кўчмас мулк нархлари: июнь ойи учун экспресс-прогноз
Доллар курси қандай бўлади, истеъмол товарларининг нархи ўсадими, кўчмас мулк бозоридан нималарни кутиш мумкин — UZ24 эксперти июнь ойи учун маълумотларни олдиндан айтиб беришга ҳаракат қилди.
Июнь ойида, эҳтимол жорий йилнинг қолган қисмида ҳам ўзгаришлар тенденциясини уч асосий воқеа белгилаб беради.
Булар қандай воқеалар?
Биринчи воқеа кеча юз берди — Марказий банк раҳбари этиб Мамаризо Нурмуратов тайинланди. Унинг номи мамлакат банк соҳаси тарихидаги эътиборга молик ислоҳотлар: миллий валютанинг жорий этилиши, унинг эркин конвертацияси, банк соҳасида нолдан меъёрий база яратилиши, тижорат банклари томонидан банк соҳасига хос бўлмаган функцияларнинг қисқартирилиши билан боғланади. Унинг қайтиши билан янги ва ёш ислоҳотчилар жамоаси шакллантирилиши кутилмоқда.
Иккинчи воқеа — бошқа шаҳарликлар ва хорижликларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги барпо этилаётган турар-жойлар харид қилганда прописка берилиши имкониятидир. Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, апрель ойида оммавий муҳокамага қўйилган эди. Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давлат Дастурига кўра, қонунчиликдаги ўзгаришлар шу йилнинг II чораги охиригача, яъни июнь ойи сўнгига қадар амалга оширилиши керак.
Учинчи воқеа шу қадар узоқ кутилмоқдаки, кўпчилик энди унинг яқин истиқболда рўй беришига ишонқирамаяпти. Гап миллий валютанинг эркин конвертацияси ҳақида бормоқда. Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давлат Дастурига кўра, валюта бозорида талаб ва таклифни аниқлаш учун бозор механизмларини жорий этиш март ойининг охирига қадар амалга оширилиши лозим эди. Банк соҳаси ходимларига кўра, механизмлар аллақачон тайёр — гап фақат уни бажариш учун сиёсий қарорга боғлиқ бўлиб қолган. Бу ўринда шуни қайд этмоқ керакки, бизнинг шароитларимизда ёз ойлари — пул ва валюта бозорида ўзгаришларни амалга ошириш учун энг қулай ойлар ҳисобланади: кутилаётган инфляцион кўрсаткичлар паст бўлиб туради, иқтисодий фаоллик нисбатан сусаяди, ижтимоий соҳа ва бюджетга босим юқори эмас.
Энди тахминлар ҳақида
Доллар курси
Эркин конвертациядан умид қилиб турилган бир паллада «қора» бозорда валюта курси 1 долларга 8300–8500 сўм чегарасида барқарор қолаверади. Бунга республика ичидаги ҳисоб китобларда валюта ишлатиладиган сегментнинг қисқариши ва хориждан пул жўнатмалари ҳажмининг ошиши ҳам ёрдам беради. Бозорга таъсир қилувчи янги омилларнинг йўқлиги туфайли курснинг кескин сакраши кутилмайди.
Истеъмол товарлари ва хизматлари
Истеъмол бозорида нархлар барқарорлигича қолади. Ойлик инфляция ноль даражасида бўлади. Истеъмол бозорининг озиқ-овқат сегментларида бироз нарх пасайиши кузатилади, ноозиқ-овқат сегментларида эса нархларнинг 2–5 фоизга ошиши кутилмоқда, биринчи навбатда — қурилиш материалларига. Бу сегментда ҳамон импортнинг улуши катталиги ва курс таъсирининг кечикиши билан тушунтирилади. Монопол товар ва маҳсулотларга нарх ва тарифларнинг ошиши кутилмаяпти.
Кўчмас мулк бозори
Иккиламчи бозорда турар жой учун нархлар (долларда) тушишда давом этади. Июнь ойида 1–1,5 фоиз атрофида пасайиш кузатилади. Нархлари миллий валютада белгиланган бирламчи бозорда (тижорат уйлари, ижтимоий турар-жойлар эмас) нархлар 1,5–2 фоизга ошишда давом этади, бу ҳол бундай уйлар учун «прописканинг очилиши» ва инфляция таъсири туфайли юз беради.
Агар янги уй харид қилган ўзга шаҳарликлар ва хорижликлар Тошкентда пропискага эга бўла бошлашса, биз иккиламчи бозорда нархларнинг бир вақтнинг ўзида 5 фоизгача қулашига гувоҳ бўламиз, бир вақтнинг ўзида, бирламчи бозордаги квартираларнинг нархи кескин ошади — 10 фоизгача.
Александр Давлетов,
молиячи-эксперт
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини англатмайди.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
21:33 / 29.10.2024
Олтинга қизиқишнинг ошаётгани доллар доминантлигига соя солади — FT
19:36 / 24.10.2024