Ўзбекистон | 19:10 / 09.06.2017
125160
5 дақиқада ўқилади

Бевосита кўрсатмаларига асосан... ёки ҳаммасига балогардон президентимизми?

Журналист Аброр Зоҳидов амалдорларнинг ўзидан катта амалдорларга нисбатан лаганбардорлиги масаласини қаламга олди.

Фуқаронинг ўз давлатини севиши, мамлакат йўлбошчисини ҳурматлаши ҳавас қилгулик ҳол. Ўзаро суҳбатларда, борингки расмий давраларда юрт раҳбарини самимий улуғлаб қўйиш ҳам чиройли хислат. Аммо оддий фуқаро қолиб, юрт сўрайдиганлар қиёфасида ҳаммаси юзаки, зўракилиги сезилиб турсачи? Тилёғламалик айёрлик билан қоришиб кетсачи?

“Осмондаги болалар” фильмида бир лавҳа бор: ёш ижодкорнинг асарини танқидчиларга катта бир ёзувчининг муаллифлиги билан тақдим этишади. Ҳамма мақтайди. Эртасига асл муаллиф маълум қилинганида ҳамма дарров тўнини тескари кийиб олади ва ёмонлай бошлайди. Улардан бирига “Кечагина худди шу асарни мақтаб тургандингизку? дея мурожаат қилинганида: “Мен кеча муаллиф деб ўйлаган улуғ ёзувчимиз кўзи билан қарагандим? дея жавоб беради. Шунда “ўзингизнинг кўзингиз қаерда эди?” деса осонгина “Мен фикримни айтдим”, дейди эгардан тушмай. Бугунги баъзи раҳбарларимизнинг тутган йўли ҳам шунга ўхшаб кетмаяптими? 

Амал курсисига эришган инсон борки албатта тилёғламалик қилишим шарт деб ўйлайди шекилли. Аниқ эътибор бергансиз: кичикроқ амалдордан тортиб ҳокиму вазирларгача бирор муҳим масала юзасидан гап кетганида, ҳатто бу ўзи учун ҳам жуда майда иш ҳисоблансада, албатта “президентимизнинг бевосита кўрсатмаларига асосан... давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорга кўра...” каби сўзлар билан бошлайди. Айтадиган гапига мос келса келмаса, “президентмизнинг қарорлари бизга дастуруламал бўлмоқда” дея суҳбатни ўз сўқмоғига бура кетади ва дарҳол муаммо моҳиятини тушунмаётганини, ўзини олиб қочишга уринаётганини, юрт раҳбари соясидан паноҳ излаётганини сездириб қўяди. 

Бу нима, жавобгарликдан қочишми, эртага вазият ўзгарса, осонгина ўзидан соқит қилиб олишга уринишми, ёки янаям қўрқинчлиси шахсий фикр ёки ташаббуснинг йўқлигими? Ахир раҳбар ёки мутасадди деганлари фақат юқоридан киритиладиган дастур асосида ишлайдиган робот эмаску! 

Ҳар бир нарсага президентдан туртки кутиш шартми? Айтайлик, қайсидир соҳани таҳлил қилишга ҳали давлат раҳбарининг вақти етмади (етмаслиги ҳам аниқ, чунки бирор кун дам олганини кўрдингизми?), демак ўша соҳа қолоқлигича қолавериши керакми? 

Аниқ биламан, ишонаман, умид қиламанки, раҳбаримизга юзаки маддоҳлар эмас, соҳасининг усталари, ташаббускорлар, юртга нафи тегадиган инсонлар керак. Демак,келинг энди самимийроқ бўлаверайлик. Маддоҳликни қўйиб, муаммоларни ечайлик, ватан учун жонфидо қилайлик, мақтовни эса халқ берсин!

Юқори раҳбарлар билан интервьюларни кузатаркансиз, улар гўё ўзлари, фаолиятлари, мавжуд муаммолар ечими-ю режалари ҳақида эмас, давлат раҳбарининг кўрсатмалари нақадар тўғри бўлаётганини ёритишга уринаётгандек тутаверишади. Ахир сизга тикилиб турган қоракўзларнинг ҳаммасининг нигоҳини осонгина президентга ошириб юбораверадиган бўлсангиз, очиқ айтинг, сизнинг нима керагингиз бор?!

Иккинчи жиҳат. Майли, муаммо юзасиданку, шу тариқа ҳимояланар эканлар. Лекин ўрни келса келмаса “муҳтарам президентимиз” дея иҳоталанаверишнинг нима ҳожати бор? Шахсан мен ҳам давлатимиз раҳбарини ҳурмат қиламан, фаолиятини кузатиб бораман. У кишининг деярли ҳар куни йўлга қўяётган йилларга татигулик ислоҳотларининг ижобий натижаларини кўпчилик юртдошларимиз каби умид билан кутяпман. Шу билан бирга ўз соҳамда ишимни ҳам кўнгилдагидек давом эттиришга, бирор янгилик киритишга, шу жамиятга оз бўлсада фойдам тегишига имкон қадар интилаяпман. Чунки ҳар бир инсон ўз ишини сидқидилдан бажарса, жамиятга фойдаси тегишини кўзласа, эртанги кун билан яшаса, мамлакат ривожланади. Бўлар-бўлмас тилёғламалик билан эмас!

Мавзу юзасидан гап кетганда кимлардир дарров “Бу қон-қонимизга сингиб кетган” дейишади. Кечирасиз, айримларгагина қараб халқнинг қиёфаси яратилмайди. Кимдир, айниқса лавозимда ўтирган шундай қилса, ҳамма шундай қилиши шарт дегани эмас. 

Эътибор бердингизми, ҳали давлатимиз раҳбарининг сурати кабинетларни, кўчаларни, умуман лозим жойларни эгаллагани йўқ. Назаримда бунга иккита сабаб бор: аввало биринчи президентимизга бўлган чуқур ҳурмат бўлса, иккинчиси бунгача ҳали вақт етмаётганию халқ кўнглини аввало меҳнат билан, зарур ислоҳотлар билан олиш фикри. Шундай экан адашмайлик, ёқса ёқмаса мақтовга зўр бермайлик!

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид