Жамият | 22:12 / 09.06.2017
13820
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий соҳани ривожлантиришда кузатилаётган айрим муаммолар 

2017 йилнинг 9 июнь куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссия мажлиси бўлиб ўтди. 

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ва таълим тизимидаги объектларни капитал таъмирдан чиқариш, арзонлаштирилган уй-жойлар қурилиши каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

Мажлисда вазирлик ва идоралар раҳбарларидан ташқари, вилоят хокимликларининг мутасаддилари, жамоат ташкилотлари вакиллари, сенаторлар ва депутатлар иштирок этди. Бундай кенг кўламда қилинган ишлар йўл қўйилаётган сусткашликларни очиқ ойдин муҳокама қилиб, жойида муаммоларга тезкор ечим йўлларини топиш, таклиф ва ташаббуслар киритиш имконини берди. 

Комиссия таҳлилига кўра, дастлабки беш ой давомида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар баъзи йўналишларда анча оқсоқланиб қолмоқда. Мутасаддиларнинг бу муаммоларга жиддий қараши, ҳисобот даврини кутмасдан, олдиндан вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланди.

Мактаб ва коллежлар, тиббий муассасалар ва ижтимоий объектлар капитал таъмирланиши, қурилиш ва реконструкция масалаларида ҳам бир қанча муаммолар бор. Бунинг сабаблари, қандай чоралар кўрилаётгани ва қандай таклифлар бор, деган саволларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, ҳокимиятлар вакиллари жавоб берди.

Аҳолини арзонлаштирилган уй-жойлар билан таъминлаш, хусусан, 2017 йил давомида 15 минг турар жой уйларини барпо этиш масаласи жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Таҳлил натижаларига кўра, 1 июньга қадар мамлакат бўйлаб 13 мингта уй-жойлар фақат пойдевор қўйиш босқичида турибди. 

Шу билан бирга, аввал қуриб топширилган баъзи уйларнинг сифати, инфратузилмаси – ичимлик сув, электр таъминоти, табиий газнинг етишмаслиги, ички йўллар масалалари аҳолининг мурожаатларига сабаб бўлмоқда. Бу борада ҳужжатларнинг вақтида тайёрланмаслиги, молиялаштириш ва умуман қурилиш соҳасини ривожлантиришдаги тўсқинликлар ўртага қўйилди.

Айтиш жоизки, муҳокамалар айбдорларни излаш эмас, балки масалаларнинг очиқ-ойдин ўртага олиб чиқилиши, сабаблари аниқланиши, тўсиқларни олдини олиш ва муаммоларни ҳал этиш йўлларини излашга қаратилди.

Комиссия қошида 5 та кичик комиссиялар ташкил этиб, тезкор равишда жараённи ўрганиш ва ечимлар топиш борасидаги таклиф қўллаб-қувватланди. Яқин орада ҳар бир йўналиш бўйича “йул хариталари” ва дастурлар ижроси бўйича аниқ режалар тасдиқланишига келишиб олинди.

Мавзуга оид