Уможа ҳақидаги мақола The Guardian нашрида бундан тўққиз йил аввал чоп этилган. Аёллар ҳуқуқи ҳалигача долзарблиги туфайли Kun.uz мақолани ўқувчиларга ҳавола этмоқда.

Аёллар давраси: марказдаги 19 ёшли Жудия мажбуран турмушга чиқишдан қочиб, олти йил олдин Уможа қишлоғига келган. Қишлоқ 1990 йилда Британия аскарлари томонидан зўрланган 15 нафар аёл томонидан ташкил этилган.
Фото: Georgina Goodwin

2015 йилда қишлоққа ташриф буюрган The Guardian журналисти Жули Биндел Уможа аёллари билан суҳбатлашади, уларнинг бу ерга келиб қолиши тарихи билан қизиқади.

Жейн исмли аёл кўп йиллар аввал ҳарбий формадаги уч эркак томонидан зўрланганини айтди. Ўшанда у эрининг қўй-эчкиларини боқиб, ўтин тераётганди. “Воқеадан қаттиқ уялардим ва бу ҳақда бошқаларга айтолмасдим. Улар менга жуда даҳшатли ишлар қилишди”, — дейди Жейн изтиробга тўла кўзлари билан.

Аёл 38 ёшда, лекин анча катта кўринади. У оёғидаги чуқур чандиқни кўрсатди — уни ерга итариб йиқитишганида, оёғига тош кириб кетган. У паст, иккиланувчи овозда ҳикоясини давом эттирди.

“Ниҳоят қайнонамга касал эканимни айтишга мажбур бўлдим, чунки жароҳатларим ва тушкунлигимни қандайдир йўл билан тушунтиришим керак эди. Менга анъанавий дори-дармонлар беришди, аммо улардан фойда бўлмади. Қайнонам эримга (зўрлаш ҳақида) айтганида, у мени таёқ билан савалади. Шунинг учун болаларим билан яширинча бу ерга қочиб келдим”.

Уможа қишлоғи Кения шимолидаги Самбуру яйловларида жойлашган. Қишлоқ тиканли симлар билан ўралган, деб у ердаги манзарани таърифлади журналист. Атрофда эчкилар ўтлаб юради, товуқлар дон теради. Бамбук бўйраларда ўтирган аёллар ҳам гурунг қилиб, ҳам чаққонлик билан тақинчоқлар ясайди — улар ўз маҳсулотларини сайёҳларга сотиб, пул ишлайди. Сигир гўнги, бамбук ва шох-шаббалардан қурилган кулбалар томига қуёшда қуритиш учун кийимлар илинган. Болалар кундузги уйқуда. Сукунатни қушлар овози бузади. Бу оддий Самбуру қишлоғи, фақат бир нарсаси билан фарқ қилади: бу ерда бирорта ҳам эркак яшамайди.

Аёллар журналистни ашула ва рақслар билан қарши олди. Улар анъанавий самбуру кийимлари — нақшли юбкалар, ёрқин кўйлаклар кийишган, елкаларига канг (рангли ёпинчиқ) ташлаб олган. Бўйинларига ранг-баранг мунчоқлардан ясалган маржон таққан.