Спорт | 18:27 / 09.06.2017
14259
2 дақиқада ўқилади

«Реал»дан кетса тентак бўлишини айтган Мората инглиз жамоасига ўтишга рози бўлди

«Реал» ҳужумчиси Альваро Мората «Манчестер Юнайтед»га ўтишга розилик берган.

The Telegraph тарқатган хабарга кўра, 24 ёшли футболчи инглизлар жамоаси билан узоқ муддатли шартнома тузиш борасида келишиб олган. Бу ҳужумчи Антуан Гризманнинг трансфери барбод бўлгач, «Манчестер Юнайтед»нинг асосий мақсадига айланганди.  У марказий ҳужумда Златан Ибраҳимовичнинг ўрнини эгаллаши кўзда тутилган.

«Манчестер Юнайтед» ҳозирча «Реал» билан трансфер борасида келишмаган. Мадридликлар аввалроқ манчестерликларнинг 52,3 миллион фунтлик таклифни рад этган ва унинг баҳоси 90 миллион эканини маълум қилганди. Энди «Манчестер Юнайтед» 60 миллион фунт таклиф қилмоқчи.

Бундан аввалроқ Альваро Мората «агар «Реал»дан кетса, жиннидан фарқи қолмаслиги» ҳақида гапирганди.

«Мен футбол ўйнамоқчиман, ўйин амалиётига эга бўлишим керак. Чунки кейинги йилда жаҳон чемпионати ўтказилади. Асосий таркибдаги ўрним учун курашишим лозим.

«Реал»ни тарк этмайман, агар бу ишни қилсам, жиннидан фарқим қолмайди.

Италияга қайтиш? Буни тасаввур қила олмайман. Тўғри у ерда орттирган тажрибам мен учун жуда қимматли бўлди. Аммо, Италияда мен учун ягона клуб - «Ювентус»дир» - дея ўзининг «МЮ» ёки «Милан»га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирганди Мората.

Мавзуга оид