«Арсенал» кубок кўтарди, «Сити» ва «Ливерпул» афсоналари билан хайрлашди
|17:01 / 25.05.20269 7569 мин
АПЛда якшанба куни ўтказилган сўнгги тур ўйинларидан кейин қайси жамоалар қайси еврокубокларда иштирок этиши ва қайси жамоалар чемпионшипга тушиб кетиши аниқ бўлди. Бундан ташқари, шу куни «Сити» ва «Ливерпул» ўз афсоналари билан хайрлашди.
Фото: Michael Regan/Getty Images For Premier LeagueФото: Michael Regan/Getty Images For Premier League
Муддатидан олдин чемпион бўлиб улгурган «Арсенал» натижаси ўзи учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган ўйинда иккинчи таркибни тушириб, ғалаба қозонди. «Кристал Пэлас» ҳам шу куни аралаш таркибда ўйнади: жамоа уч кун ўтиб Конференциялар лигаси финалида «Райо Валекано»га қарши ўйин ўтказади. Ўйиннинг 42-дақиқасида Габриэл Жезус «Арсенал»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлим бошида Мадуэке бурчак зарбасидан кейин иккинчи голни урди. Барча ўйин якунини кутаётганида «Пэлас» олдинга ўтди ва 89-дақиқада Жан-Филипп Матета ҳисобни қисқатирди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар ҳисобни тенглаштиришганди, аммо Пинонинг голи Эванн Гессандаги офсайд туфайли бекор қилинди.
Ўйиндан кейин эса чемпионлар олтин медалларни ва кубокни қабул қилиб олишди ҳамда 22 йил кутилган чемпионликни ёрқин нишонлашди.
Манчестернинг кўк томони ва Ливерпулнинг қизил томони афсоналарини кузатишди. Хосеп Гвардиола, Бернарду Силва, Жон Стоунз, Энди Робертсон ва Муҳаммад Салоҳ энди «Сити» ва «Ливерпул» либосларида бошқа ўйнашмайди. Лекин ҳар икки жамоа ҳам хайрлашув учрашувларини ғалаба билан якунлай олишмади.
«Манчестер Сити» «Астон Вилла»га қарши ўйинда дастлаб Семенёнинг голи орқали ҳисобни очганига қарамай, иккинчи бўлимда Уоткинснинг ўзидан иккита гол ўтказиб юборди. Ўйин охирларида Фоденнинг ҳисобни тенглаштирувчи голи инобатга олинмади ва «шаҳарликлар» мавсумни мағлубият билан якунлайдиган бўлишди. Шу билан бирга, жамоа бу орқали ўзини чемпионлик пойгасидан чиқариб юборган «Борнмут»дан ўзига хос тарзда қасос олишди. «Астон Вилла»нинг ғалабаси Андони Ираола шогирдларини ЕЧЛ йўлланмасидан маҳрум этди.
«Ливерпул» эса уйда «Брентфорд» билан дуранг (1:1) ўйнади ва кейинги мавсум ЕЧЛда иштирок этадиган бўлди. Ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади, иккинчи бўлим бошида эса шу куни клуб сафида сўнгги ўйинини ўтказаётган Муҳаммад Салоҳ Жонсга ассистентлик қилиб, яна бир клуб рекордини ўрнатди – у АПЛ ўйинларидаги голли паслари сонини 93 тага етказиб, бу борада Стивен Жеррарднинг натижасини яхшилади. Мезбонлар ғалабани сақлаб қола олишмади: Кевин Шаде бироз ўтиб ҳисобни тенглаштирди, қолган дақиқаларда мерсисайдликлар собиқ дарвозабони Келлеҳерга бошқа гол ура олишмади.
«МЮ» аллақачон учинчи ўринни кафолатлаганди ва «Брайтон»га қарши ўйин олдидан жамоа учун битта интрига бор эди – жамоа сардори Бруну Фернандеш АПЛ тарихидаги энг яхши ассистентга айланадими? Ва бу мақсадга эришилди: португалиялик яримҳимоячи биринчи бўлимдаёқ Доргунинг голига узатма берди ва бу мавсумдаги голли узатмалари сонини 21 тага етказиб, АПЛ рекордчисига айланди. У иккинчи бўлимда ўз номига ҳам гол ёздириб қўйиб, Англия чемпионатидаги голли ҳаракатлар сони (143) бўйича Дэвид Бекҳэмни ортда қолдирди. Шу ритмда давом этадиган бўлса, Бруну кейинги мавсумда Пол Скоулзни (162) ортда қолдириб, учинчи ўринга кўтарилиши ҳам мумкин. Аммо унга Уэйн Руни (276) ва Райан Гиггзга (271) яқинлашиб олиш учун ҳам кўп йиллар керак бўлади.
«Брайтон» эса бу мағлубиятдан кейин турнир жадвалида «Сандерленд»ни олдинга ўтказиб юборди ва кейинги мавсумда Европа Лигасида эмас, Конференциялар лигасида қатнашадиган бўлди.
Шу куни еврокубоклар йўлланмасини қўлга киритган яна бир бахтиёр жамоа – чемпионшипдан чиққан «Сандерленд» бўлди. «Қора мушуклар» ўзаро баҳсда «Челси»ни мағлуб этган ҳолда, ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди ва еттинчи ўрин билан Европа лигасида қатнашадиган бўлди.
Ўтган мавсумда Конференциялар лигасида ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган лондонликлар эса бу мавсумни АПЛда 10-ўрин билан якунлаб, кейинги мавсумда ҳеч қайси еврокубокда қатнашмайдиган бўлди. Бу бир томондан ёзда жамоани қабул қилиб оладиган Ҳаби Алонсо учун айни муддао. У«Стэмфорд Бриж»да ўз ўйинини қуриш учун идеал шароитга эга бўлади.
Бир йил муқаддам ҳам чемпионатни муваффақиятсиз ўтказган «Тоттенҳэм» Европа Лигасида ғолиб чиққан ва ЕЧЛга йўлланма олганди. Бу сафар сўнгги турда Жоау Палинянинг ягона голи «шпорлар» жонига ора кирди. Роберто Де Дзерби қаторасига иккинчи мавсумда турнир жадвалида 17-ўринни эгаллади ва лигада жон сақлаб қолди. «Вест Ҳэм» эса сўнгги турда «Лидс» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонганига қарамай, «Бёрнли» ва «Вулверҳэмптон» билан бирга чемпионшипга тушиб кетди. «Болғачилар» 39 очко жамғаришди, бу эса сўнгги 15 йилликда 18-ўрин эгалари учун максимал кўрсаткичдир. Охирги бор бу қадар кўп очко жамғариб ҳам лигани тарк этган жамоалар «Бирмингҳэм» ва «Блэкпул» бўлганди.