Жаҳон | 21:47 / 12.06.2017
12848
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва НАТО самолётлари Россия чегараси яқинида разведка олиб борди

АҚШ ва НАТО ҳарбий-ҳаво кучлари 12 июнь – Россия куни Калининград вилояти чегаралари яқинида навбатдаги разведка операциясини олиб борди. Бундан ҳарбий авиация парвозларини кузатувчи хорижий сайтлар маълумотлари дарак бермоқда.

Уларнинг маълумотларига кўра, Буюк Британиядаги Милденхолл  авиабазасидан ҳавога кўтарилган АҚШ ҲҲКнинг 64-14847 борт рақамига эга RC-135U ва 62-4138 борт рақамига эга RC-135W стратегик разведка самолётлари Калининград вилояти чегаралари яқинида бирин-кетин парвоз амалга оширганлар. Улардан ҳар бири 3 соат давомида Россиянинг денгиз ва қуруқликдаги чегаралари бўйлаб радиотехник разведка олиб борган.

Бу орада Россиянинг Болтиқ жанубидаги чегарасида НАТОнинг узоқ радиолокацион аниқлаш ва бошқариш самолёти AWACS кузатув олиб борган.  Бу самолёт Калининград вилоятидан жануб томон, Польшанинг Гданьск шаҳри яқинида парвоз амалга оширган.

11 июнда эса Болтиқ денгизида ўтаётган НАТО машғулотлари доирасида Россия чегараси яқинида АҚШ ҲҲКнинг В-1В ва В-52Н стратегик бомбардимончи самолётлари парвоз амалга оширганди.

Мавзуга оид