Жамият | 08:50
598
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ва АҚШга ноқонуний миграция ташкил этмоқчи бўлганлар ушланди

Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида хорижга ноқонуний миграцияни ташкил этишга уринган шахслар ДХХ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди. Улар Жанубий Корея ва АҚШга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан ўн минглаб АҚШ доллари талаб қилган.

Фото: ДХХ / Видеодан кадрлар

Тошкент шаҳрида яшовчи 1994 ва 1999 йилларда туғилган икки нафар шахс ўзаро тил бириктириб, фуқароларни танишлари орқали G-1 визасини олиб бериш йўли билан Жанубий Кореяга ишга жўнатишни, кейинчалик эса ушбу мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Улар ушбу хизматлари учун 55 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 25 минг АҚШ долларини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган шахс ҳам фуқарони ноқонуний йўллар билан АҚШга юборишни таклиф қилган.

У танишлари орқали Ўзбекистон – Туркия – Испания – Мексика – АҚШ йўналиши бўйича жўнатиш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган. Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида у талаб қилинган маблағнинг 20 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ДХХ фуқароларни хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ шубҳали таклифларга алданмасликка чақириб, бу борада фақат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда махсус лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари хизматларидан фойдаланишни тавсия қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид