Фан-техника | 22:06 / 12.06.2017
3898
2 дақиқада ўқилади

FT: Uber’нинг раҳбари лавозимидан четлатилиши мумкин

Uber асосчиларидан бири ва бош директори Трэвис Каланик вақтинчалик лавозимидан четлатилиши ёки бошқа лавозимга ўтказилиши мумкин. Бундай вариантни компания директорлар кенгаши кўриб чиқмоқда, деб маълум қилди вазиятдан хабардор бўлган иккита манбага иқтибос келтирган ҳолда The Financial Times нашри. 

Каланикнинг кейинги фаолияти масаласи Uber директорлар кенгашининг 11 июндаги йиғилишида кўтарилган. Манбаларнинг маълум қилишича, шунингдек Каланикнинг икки яқин тарафдори – унинг ўринбосари ва компаниянинг эски ходимларидан бири Эмил Майкл ва биринчи ўринбосари Райан Грэйвс ҳам ўз лавозимларидан маҳрум бўлишлари мумкин.

Bloomberg ахборот агентлиги манбаларининг маълум қилишича, Каланик уч ойли таътил олиши ҳам мумкин. 

Директорлар кенгаши Uber ходимлари иштирокида можаролар тез-тез содир бўлаётганига шундай муносабат билдиришмоқда. 

2017 йил июнь бошида компаниянинг 20 дан кўпроқ эркак ходими аёл ҳамкасбларига шилқимлик қилиш айблови билан бўшатилганди. Ушбу қарор Uber раҳбарияти томондан ёлланган Perkins Coie юридик фирмаси терговидан кейин қабул қилинган. Юридик фирма 215 та, жумладан шилқимлик қилиш ва таҳқирлаш шикоятларини ўрганиб чиққан.

Uber’нинг собиқ ходимаси Сьюзан Фаулер ўзининг блогида у ва компаниядаги аёллар эркак ҳамкасблари томондан мунтазам шилқимликларга учраганликларини, раҳбарият эса шилқимлик қилган ходимларнинг малакали ва тажрибали эканлигини ҳисобга олиб, уларнинг бу хатти-ҳаракатларига кўз юмиб юборганини маълум қилган.

Мавзуга оид